Бугун – 2019 йил, 4 июль, пайшанба куни Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Поп тумани ўқув-спорт техника клуби қошида вилоятдаги илк парашют спорт секцияси иш бошлади.

Вилоятдаги илк янги спорт секциясининг очилиш маросими “Токио сари йўл” шиори остида Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган Халқаро Олимпия куни спорт тадбирлари асносида ташкил этилди.

Тантанали маросимда Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов, “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятнинг Қамчиқ довонига туташ туманининг чекка ҳудудида парашют спорти бўйича очилган мазкур спорт секцияси парашют спортини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва оммалаштиришга хизмат қилажагини таъкидладилар.

Тадбирда ҳарбийларнинг ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди. Турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув-спорт техника клублари жамоалари аъзолари муносиб тақдирланишди. Парашют спорт секциясининг рамзий лентаси қирқилди. Малакали мутахассислар йиғилганларга парашют спорти ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Парашют спорти билан шуғулланиш имкони берувчи Намангандаги илк спорт секцияси, парашют тизимлари, анжомлар билан, шунингдек, ўқув-методик ва кўргазмали қуроллар билан тўла жиҳозланган. Шунингдек, водий вилоятлари ўқув-спорт техника клубларидаги биринчи бўлиб 17 метрлик парашютдан сакраш минораси ҳам барпо этилди.

Маъмуржон Эргашев,

© namangan24.uz

фотомухбиримиз Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар.

--> -->