Бугун – 2019 йил 16 июнь, якшанба куни Ўзбекистон миллий чемпионати суперлигасининг 11-тури доирасида “Навбаҳор” жамоаси Олмалиқ шаҳрида маҳаллий “АГМК” жамоасига қарши майдонга чиқди.

Учрашувнинг 7-дақиқасида юзага келган стандарт вазиятдан кейин “Навбаҳор” футболчиларига ҳисобни очиш насиб қилди. Россиялик легионер Иван Соловьёвнинг амалга оширган жарима тўпидан кейин жарима майдончаси ичида мезбонлар ҳимоячиси Сайдулло Раҳматов тўпни қўли билан ўйнагани сабабли пенальти белгиланди. Тўпурар ҳужумчимиз Александр Касьян “11 метрлик” нуқтадан гол уришда адашгани йўқ.

30-дақиқада “Лочинлар” вакили, миллий терма жамоамиз аъзоси Остон Ўрунов ўз жарима майдончаси ичида хавфни бартараф этиш учун Акмал Шораҳмедовни йиқитишга мажбур бўлди. “Навбаҳор” томон белгиланган пенальтидан Муроджон Тошматовнинг берган зарбасини иқтидорли посбонимиз Ўткир Юсупов қайтаришга эришди.

Учрашувнинг иккинчи бўлими ҳам қизғин ва ҳужумкор руҳда ўтди. Асосан “АГМК” футболчиларининг ҳисобни тенглаштириш мақсадида ташкил этган бир қатор ҳужумларини Андрей Канчельскис шогирдлари йўққа чиқаришга эришдилар. Айниқса, “голкипер”имиз Ўткир Юсупов катта матонат кўрсатди. Аммо “АГМК” жамоаси ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда муқаррар мағлубиятдан қутулиб қолди. 90+2 дақиқада Шохназар Норбеков рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кириб, “Навбаҳор” дарвозасини ишғол эта олди ва 1:1 ҳисобдаги дурангни таъминлади.

Шу тариқа, ўйиннинг охирги лаҳзаларида тайёр ғалабани қўлдан чиқарган “Навбаҳор” жамоаси суперлиганинг кучли бешталиги сафига кириб олиш имкониятидан мосуво бўлди.

© namangan24.uz

--> -->