Бугун (2019 йил, 8 апрель, душанба куни) Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳи анжуманлар залида “Навбаҳор” клуби раҳбарияти, жамоа мураббийлари, футболчилар ва клуб ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Бу ҳақида “namangan24.uz” сайтига вилоят футбол ассоциациясидаги манбамиз хабар берди.

Мазкур йиғилишда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Хайрулло Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” клуби раиси Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этишди.

Йиғилишда “Навбаҳор” жамоасининг суперлиганинг ўтган уч турдаги муваффақиятсиз ўйинлари атрофлича танқидий муҳокама қилиниб, ташкилий масала кўриб чиқилди.

Ҳозирги вақтга қадар “Навбаҳор” клуби директори лавозимида вақтинчалик фаолият юритиб келган Акмал Раҳмонов ишдан олинди. У эндиликда аввалги ишида – клуб қошидаги 17-сонли ихтисослаштирилган футбол мактаби директори сифатида меҳнат қилади.

Клуб директори лавозимига эса наманганлик футбол ихлосмандларига яхши таниш бўлган Бахтиёр Бобоев тайинланди.

Маълумот ўрнида, Бахтиёр Мелевич ўз вақтида “Навбаҳор” жамоаси сафида тўп сурган, кейинчалик клубда турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, у Муборакнинг “Машъал” ва Тошкентнинг “Бунёдкор” клубларида ҳам иш олиб борган.

Кўпчилик ишқибозлар катта тажрибага эга бўлган Бахтиёр Бобоевни 1996 йилда севимли жамоамизни чемпионлик унвонини қўлга киритишида муносиб ҳисса қўшганлигини яхши билишади.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” жамоаси Ўзбекистон суперлигасида 3-турдан кейин атиги 1 очко билан турнир жадвалининг охирги – 14-поғонасида бормоқда. Бу уятли “натижа”дан кейин клуб мутасаддилари сезиларли ўзгаришни амалга оширишга киришганликлари тайин. Бу навбатдаги ўзгариш фақат ва фақат жамоа манфаатига, “Навбаҳор”ни яна кучлилар сафига қайтишига хизмат қилишига умид билдириб қоламиз.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

 

 

 

--> -->