Бугун (2019 йил, 30март куни) пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Суперлигасининг 2-тури доирасидаги баҳсда Ўзбекистон чемпиони - “Локомотив” ва бронза медали соҳиби - “Навбаҳор” жамоалари майдонга тушди.

Мазкур беллашув бошланиши аввал, Тошкентда кечган “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” учрашувидан қайтишаётган пайтда автоҳалокатга учраб, вафот этган наманганлик мухлислар хотираси учун бир дақиқалик сукут сақланди.

Қайд этиш жоиз, учрашув илк дақиқаларданоқ шиддатли ва муросасиз кўриниш олди. “Лочинлар” ўйин давомида амалдаги чемпионга қарши муносиб ва тенгма-тенг қаршилик кўрсатдилар. Рақобат кучли экани жароҳатларни ҳам четлаб ўтгани йўқ. 14-дақиқада айни шу сабабли “Навбаҳор” аъзоси Обид Жўрабоев майдонни барвақт тарк этишга мажбур бўлди.

Учрашувнинг 31-дақиқасида ҳисоб очилиши мумкин эди. Меҳмонлар вакили Азим Аҳмедовнинг 20 метрлардан чамаси узоқликдан “Локо” дарвозага йўллаган зарбасига аниқлик етишмади. Орадан бир дақиқа ўтиб юзага келган қулай вазиятда Остон Ўрунов тўпга бироз кеч қолди. Акс ҳолда, гол кўришимиз ҳам мумкин эди.

Иккинчи бўлим ҳам янада қизиқарли тарзда ўтди. 50-дақиқада Азим Аҳмедов яна бир яна бир хавфли вазиятни “кўкка совурди.”.

Учрашувнинг 62-дақиқасида ҳисоб очилди. Мезбонлар вакили Темурхўжа Абдухолиқов маҳоратини намойиш этиб, “Навбаҳор” дарвозасини ишғол қилди - 1:0.

“Навбаҳор” фуктболчилари ўйинда туб бурилиш ясаш, ўртадаги тавофутни тенглаштириш учун ҳужумга зўр бердилар, лекин бу уринишлар самарасиз якунланди.

Шу тариқа, қизғин тарзда кечган “гигант”лар баҳсида “Локомотив” жамоаси кичик ғалабани нишонлади. “Навбаҳор” эса мавсумдаги дастлабки мағлубият аламини тотиб кўрди.

Дарвоқе, ўз майдонини янги мавумга ҳозирлай олмаган “Навбаҳор” жамоаси “Бунёдкор”га қарши бўладиган 3-тур учрашувини 6 апрель (шанба) куни соат 17:00 да Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида ўтказади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz сайти раҳбари.

--> -->