“Навбаҳор” жамоаси Франциянинг “Лион” клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйди. “Лион” жамоаси Халқаро ишлар бошқармаси раҳбари Клемент Мишон 15-17 май кунлари амалий ташриф билан Наманганда бўлди.

Даставвал, франциялик меҳмон Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Хайрулло Бозоров билан учрашиб, ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро суҳбатлашди.

Шундан сўнг, Клемент Мишон “Навбаҳор” футбол клуби аъзолари билан ҳам учрашиб, суҳбат қурди. Наманган вилояти футбол академиясига бориб, академия директори Ғанишер Исмоилов, академия мураббийлари билан учрашди. Шунингдек, нуфузли меҳмон аёллар футболи бўйича суперлига 5-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Бунёдкор” учрашувини томоша қилди.

Ташриф давомида мартабали меҳмон “Навбаҳор” ПФК қошидаги 17-сонли академияга ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар футбол мактаби ва Тўрақўрғон туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабига ташриф буюриб, ушбу масканларда ёш футболчилар билан учрашиб, уларга яратилган шароитлар билан танишди.

“- Наманганда футболни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд инфратузилма билан яқиндан танишдим. Кўп нарса барибир инфратузилмага боғлиқ. Бу борада икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Бу ҳамкорликни самарали бўлиши учун эса алоҳида услуб ва дастур ишлаб чиқилади. Ушбу дастур доирасида ёш футболчилар орасидан иқтидорлиларни танлаб олиш, мураббийларни ўқитиш, уларнинг тажрибаларини ошириш режалари ўрин олади. Ҳамкорлик кўп босқичли бўлади. Наманган делегациясини “Лион” клуби фаолияти билан танишиш учун Францияга таклиф этаман”, - деди Клемент Мишон.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

"Навбаҳор" футбол клуби матбуот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->