Айи кунларда Италиянинг Неаполь шаҳри талаба ёшлар ўртасидаги “ХХХ Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари”га мезбонлик қилмоқда.

Сайёрамиз миқёсидаги ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг  120 га яқин давлатдан 9 мингдан зиёд талаба 18 та спорт тури бўйича 222 та медаллар жамланмаси учун ўзаро баҳс олиб бормоқдалар. Халқаро универсиада ўйинларида 42 нафар юртдошимиз енгил атлетика, дзюдо, таэквондо, бадиий гимнастика, теннис, спорт гимнастикаси, ўқ отиш ва камондан отиш беллашувларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш учун кўҳна Европага отланишган.

Қайд этиш жоиз, “Кичик Олимпиада” деб таърифланадиган Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари 50 йилдан буён аҳамияти жиҳатидан жаҳон спорт тадбирлари орасида иккинчи халқаро комплекс мусобақаси саналади. Унда 18 ёшдан 26 ёшгача бўлган талабалар иштирок этиши белгилаб қўйилган. Универсиада - Халқаро талабалар спорти федерацияси (FISU) шафелигида талабалар ўртасида, Олимпия ўйинлари доирасидан фарқ қилиб, у ҳар икки йилда бир марта ташкил этилади.

Эътироф этиш жоиз, Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинларида наманганлик икки нафар иқтидорли спортчи, Наманган давлат университети талабалари – теннисчимиз Ҳумоюн Султонов ҳамда маҳоратли енгил атлетикачи қизимиз Нурхон Муҳиддинова ҳам иштирок этиш бахтига эга бўлишмоқда.

Қувонарлиси шундаки, Халқаро Универсиада баҳсларини ғалаба билан бошлаган Ҳумоюн Султонов зафарли юришларини давом эттириб, мусобақанинг ним чорак финал босқичига йўл олди.

Ҳумоюн бугун учинчи даврада португалиялик Даниэль Родригесга қарши кортга чиқиб, 1 соату 11 дақиқа давом этган ўйинда рақибини 6:1, 6:0 ҳисобида мағлубятга учратди. Вилоятимизнинг биринчи рақамли ракетка устаси эндиликда чорак финал йўлланмаси учун Кипр ёки Хитой давлати вакили билан рақобатга киришади.

Дарвоқе, Ҳумоюн Султонов мусобақанинг дастлабки учрашувида Шри-Ланка спортчиси Ясита Рангана устидан катта устунлик билан (6:0, 6:0) ғалаба қозонган эди.

Республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли турнирларда Наманганимиз довруғини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган яна бир спортчи Нурхон Муҳиддинова Бутунжаҳон универсиадаси ўйинларига эртага, яъни 8 июлдан киришади. Енгил атлетикачи қизимизга масъулиятли беллашувларда омад ёр бўлишини тилаймиз!

Оқилхон Дадабоев,

спорт шарҳловчиси.

© namangan24.uz

--> -->