Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Жиҳодчилар” экстремистик оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, косибчилик билан шуғулланувчи, 1965 й.т. фуқаро Фейсбук ижтимоий тармоғидаги профили орқали диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш “Абу Салоҳ”, “Содиқ Самарқандий” ва бошқаларнинг “ҳижрат”, “жиҳод”га чорловчи аудио-видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишларини олиб борган.

Шунингдек, Суриядаги жангарилар билан виртуал алоқа боғлаб, Россиядаги танишлари орқали уларга бир неча маротаба пул маблағлари  жўнатган. Бу фуқаро ўғлини, жияни, синфдоши ва танишларини - жами 6 кишини ўз виртуал гуруҳига қўшган.

Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларидан 7 та мобил телефон аппарати, 80 та “DVD” ва “CD” дисклар, 2 та микро чип, 2 та флеш-карта, 1 дона китоб ва 1 дона дафтар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

R.S:  Азиз фуқаролар! интернет ва ижтимоий тармоқлардан, уяли алоқа телефонларидан тўғри мақсадда фойдаланинг! Билиб-билмаган ҳолда, нотўғри йўлларга кириб қолманг! Қандай ахборотдан фойдаланиш кераклигини яхши тушуниб етинг!

© namangan24.uz

--> -->