Наманганлик ҳамширалар Германия шифохоналарида ишлаши мумкин. Шундай таклиф билан Швейцария Конфедерациясининг “Globogate Concept AG” ташкилоти раҳбари Жоҳаннес Мейер бошчилигидаги вакиллар Наманганга келди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар тарқатди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов меҳмонларни қабул қилди. Учрашувда ҳамкорлик доирасида наманганлик ўрта бўғин тиббиёт ходимларини немис тилига ўқитиш ва дастурни муваффақиятли якунлаган иштирокчиларни Германия шифохоналарида бандлигини таъминлаш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Учрашувда ҳар икки томон лойиҳа бўйича амалга оширилиши лозим бўлган келгусидаги ҳамкорлик юзасидан келишиб олдилар.

Мулоқот якунида Наманган вилояти ҳокимлиги билан Швейцария Конфедерациясининг "Globogate Concept AG" ташкилоти раҳбарияти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Учрашувда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари ва тегишли бошқармалар масъуллари иштирок этдилар.
© namangan24.uz

--> -->