2019 йил 13-14 сентябрь кунлари Наманган вилоятида яна бир йирик  анжуман – “ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишда инвестиция ва инновациянинг роли” мавзуида Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ўтказилади.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Шифокор ва ҳаёт” газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев хабар берди.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, республика Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган Халқаро тиббиёт форумида Наманган тиббиёти ва фармацевтика саноатининг салоҳияти намоён этилиб, ишлаб чиқарувчиларнинг  кўргазмаси ташкил қилинади.

Халқаро тиббиёт форумида Австрия, Венгрия, Польша, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Уммон, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Ҳиндистон,  Миср, Исроил, Сингапур, Словакия,  Малайзия, Озарбайжон, Болгария, Эрон, Саудия Арабистони, Украина каби жаҳоннинг 30дан зиёд давлатидан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва етук олимлар қатнашадилар.

Форумнинг тантанали очилиш маросими 13 сентябрь куни эрталаб Тўрақўрғон туманидаги “Ширинлик” маданият саройида бўлиб ўтади. Форум очилишида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров нутқ сўзлайди. Қатор давлатларнинг таниқли олимлари, сармоядорлари ва мутахассислари маърузалар билан чиқишлари кутилмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида  бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари бошланади. Турли мавзулардаги кечадиган секция муҳокамаларида хорижлик ва ўзбекистонлик таниқли олимлар ҳамда мутахассисларнинг илмий маърузалари тингланади.

Форум доирасида хорижий тадбиркорлар билан фармацевтикага оид меморандумлар имзолаш тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, 14 сентябрь куни эрталабдан тиббиёт соҳасининг таниқли намояндалари иштирокида Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят перинатал марказида ва вилоят кардиология марказида ҳамда “Анамед” ва “Ойдин шифо” хусусий клиникаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

14 сентябрь куни соат 9.00 да Россиянинг Урал давлат тиббиёт университетининг Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилган.

- Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли бизнес режалари бўйича вилоятимизга  инвестиция киритиш, янгидан-янги инновацияларни амалиётга татбиқ этиш, тиббиётда замонавий технологияларни қўллаш, фармацевтика саноатини  тараққий эттириш форумнинг бош мақсадидир, - дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўмиинов.

Ҳа,  гуллар шаҳри сифатида довруғ қозонган Наманган яқин орада соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида ҳам ўз нуфузи  ҳамда юксак салоҳияти билан дунёга донг таратиши шубҳасиз. Форум доирасидаги саъй-ҳаракатлар ва илмий анжуманлар пироварида эришилган натижалар ана шу эзгу мақсадга пойдевор вазифасини ўтайди.

© namangan24.uz

--> -->