Наманган вилояти ҳокимлиги ва Свердловск вилояти ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Свердловск вилояти делегациянинг Наманганга ташрифи доирасидаги учрашувлар чоғида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев томонидан имзоланган келишувга асосан икки вилоят ўртасида саноат, савдо, илм-фан, таълим, маданият ва санъат, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шунингдек, учрашув доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги билан “СиАйТи Терминал” акционерлик жамияти ўртасида “Ўзбекистон” йўл харитасини амалга ошириш бўйича меморандум;

Наманган вилояти ҳокимлиги билан “Центр семейной медицины” акционерлик жамияти ўртасида Наманган вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш масалалари юзасидан меморандум;

Наманган вилояти ҳокимлиги билан “Группа СвердловЭлектро” ёпиқ акционерлик жамияти ўртасида ўзаро англашув меморандуми;

Наманган вилояти қурилиши бош бошқармаси билан Свердловск вилояти қурилиш индустрияси корхоналари уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви ҳам имзоланди.

Кенгайтирилган форматдаги учрашувдан сўнг, икки вилоят раҳбарлари имзоланган келишув юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот бердилар.

Ҳамкорлик келишувининг асосий йўналиши иқтисодий алоқалардан иборатлигини айтган Хайрулло Бозоров саноат соҳасида кооперация ҳамда ўзаро инвестицияларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, ижтимоий-маданий соҳадаги қўшма лойиҳаларга ҳам катта эътибор қаратилишини таъкидлади.

Урал ишбилармон доираларининг Наманган вилоятига қизиқиши катталиги, 70дан зиёд компаниялар Наманган билан ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқишаётганини билдирган Евгений Куйвашев Свердловск вилояти делегациясининг катта таркибда келиши сабаби ҳам шу эканлигини қайд этди.

©namangan24.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->