Айни кунларда Наманган шаҳар ҳокимлиги, Наманган муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари, тадбиркор-ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегация Покистонда бўлиб турибди.

Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф давомида Файсалобод шаҳрига бордилар.

Маълумот ўрнида, Панжоб вилоятида жойлашган ушбу шаҳар Покистонда нуфузи жиҳатидан Карачи ва Лаҳордан кейинги ўринда турадиган шаҳар ҳисобланади. Мазкур “сити”да 3 миллион 500 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қайд этиш жоиз, Файсалобод шаҳри Покистоннинг текстиль маркази ҳисобланади ва экспортининг салкам 70 фоизини айнан текстиль маҳсулотлари ташкил этади.

Делегациянинг Файсалобод шаҳрига сафари давомида амалий натижага эришилди. Яъни, вилоятнинг текстиль соҳасидаги экспорт салоҳиятини янада ошириш, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари технологияси соҳаларида иш олиб бориш мақсадида Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Покистон миллий енгил саноат университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур битимга мувофиқ, Наманган муҳандислик-технология институтида Покистондаги университет билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини жаҳон стандартлари даражасида синовдан ўтказиш ва сертификациялаш лабораториясини ташкил этилади. Иккала олий таълим муассасаларининг педагоглар ва талабаларининг ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.

Шунингдек, икки олийгоҳ ўртасида қўшма ўқув дастурлари, илмий тадқиқот натижаларини ишлаб чиқиш ҳамда йилнинг охирига қадар Наманганга Покистоннинг халқаро таълим соҳасида етакчи ўринларда турадиган университетининг профессорлари ва техник мутахассислар делегацияси сафарини уюштиришга келишиб олинди.

Эътиборлиси, делегациямизнинг Покистондаги ташрифини маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам кенг ёритиб боришмоқда.

Хусусан, Покистонда чоп этиладиган оммавий нашрлардан бири - “The National Herald Tribune” газетасида Наманган шаҳар делегациясининг шу мамлакатга сафарига доир мақола чоп этилди. 2008 йилда асос солинган газета ўтган йил декабрь ойидан буён бир саҳифасини Марказий Осиё ҳаётига доир материалларга ажаратади.

Шунингдек, Покистоннинг Лаҳор шаҳри телеканали Наманган делегацияси аъзоларини кўрсатувга таклиф этди. Телемулоқотда Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов, Наманган муҳандислик-технология инстиути ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Одилжон Охундадаевич Маматкаримов, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этдилар.

Эслатиб ўтамиз, Наманган делегациясининг Покистонга ташрифи 20 сентябрга қадар давом этади.

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->