Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов раҳбарлигидаги вилоят халқ таълими тизими вакилларидан иборат делегация таълим тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида айни кунларда Японияда бўлиб турибди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Делегация аъзолари мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасида кутиб олинди. Элчихонада ўтказилган учрашувда кунчиқар ўлкадаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган ҳамда Япония иқтисодиёти ва саноатининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган наманганлик талаба ва мутахассислар иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов элчихона томонидан Японияда Ўзбекистон манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ва кенг қамровли фаолият хусусида атрофлича маълумот берди. 

– Япония билан Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар ҳамкорлик билан бирга таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш жуда муҳим, – деди Ғайрат Фозилов. – Япония таълим тизимида ўрганиш ва амалга татбиқ этиш лозим бўлган жиҳатлар кўп. Бу борада умумий ўрта таълим соҳасида дастлабки ҳамкорлик қадамини ташлаган Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббусини қўллаб-қувватлаб, давлатлараро таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда элчихона ҳар қандай амалий кўмакка тайёр.

Мулоқотда Японияда таълим олаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз ўз соҳалари бўйича Наманганда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистон, жумладан, Наманган вилоятининг ҳар томонлама ривожланишига муносиб ҳисса қўшишга тааллуқли истиқболли режалари ҳақида маълумот берди.

Элчихонада, шунингдек, Япониянинг атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи ”Икари” компаниясининг раҳбари Курасава Мацасугу, компания вакили Ёшитомо Оксонолар билан сакура гул-дарахти, унинг япон миллий маданиятида тутган ўрни мавзусида суҳбат бўлди. Унда 2000 йиллик тарихга эга сакуранинг япон миллати ҳаёти ва маданияти, мамлакат табиатидаги ўрни ва роли, мавжуд турлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Япония халқаро туризмида сакура муҳим аҳамият касб этиб, мамлакат иқтисодиёти 2,5 миллиард доллардан даромад қилиши қайд этилди. Учрашувда Наманганда сакура дарахтини экиш ва кўпайтириш бўйича фикр алмашиниб, 2020 йил май ойида ўтказиладиган “Гуллар байрами”га ”Икари” компанияси жамоаси таклиф этилди.

Наманган делегациясининг Япониядаги ташрифи давом этмоқда ва унда бир қатор таълим муассасалари фаолияти билан танишиш, ўзаро ҳамкорлик алоқалари бўйича дастлабки келишув ҳужжатларини имзолаш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров мустақиллик байрами арафасида вилоядаги таълим соҳаси фаоллари билан ўтказилган мулоқотда Япония давлатининг таълим соҳасидаги иш тажрибасини ўрганиш ва уни Наманганда қўллаш борасида таклифни илгари суриб, бу режа амалга оширилишини таъкидлаган эди.  

© namangan24.uz

--> -->