Абдулбоқи Ваҳобжонович Маматов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг буйруғи билан Наманган вилояти маданият бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 2019 йил май ойидан буён ишлаб келган Самида Валиевна Нурматованинг ўрнини эгаллади.

Суратда (ўртада): Абдулбоқи Маматов

Маълумот ўрнида, Абдулбоқи Ваҳобжонович Маматов 1986 йил 3 август куни Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2010 йили Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтини халқ ижодиёти йўналишида тамомлаган. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг аъзоси. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор.

У меҳнат фаолиятини 2005 йилда Халқ бадиий жамоалари дирекцияси Наманган вилоят бўлимида академик жамоа ходими сифатида бошлаган. Иш фаолияти давомида Наманган ёшлар маркази бадиий раҳбари, Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар вилоят илмий услубият маркази услубчиси вазифаларида ишлаган. 2011-2017 йилларда эса Наманган вилояти маданият ва спорт бошқармасининг маданий-маърифий муассасалар, кутубхоналар ва музейлар халқ ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш бош мутахассиси лавозимида меҳнат қилган.

Абдулбоқи Маматов 2017 йил май ойидан буён ҳозирга қадар Наманган вилояти маданият бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Наманган вилояти маданият бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Абдулбоқи Ваҳобжонович Маматовга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->