Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китобга бўлган меҳр туфайли инсон камолотга етади. Китоб мутолааси орқали киши кечаги кунидан хабардор бўлади, ўзлигини англайди. Китобга ошно тутинган инсоннинг маънавияти бутун бўлиб, қалбида фақат яхшилик, эзгулик ниш уради.

Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам айни масалага жиддий эътибор қаратиб, ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилиш таклифини илгари сурди ҳамда бу ташаббус фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини билдириб ўтди.

Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тўла қўллаб-қувватланиб, айни пайтда улар ўзлари таҳсил олган мактабларга китоблар туҳфа этмоқда.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши раиси Солижон Мўминов Наманган шаҳридаги ўзи ўқиган 15-умумтаълим мактабига борди. Мазкур таълим масканини олтин медаль билан тугутган иббиёт фанлари номзоди, халқ ноиби ҳаётида эришган ютуқларининг бош омили эса - китоб эканлигини ёшларга уқтирди. Барчани китобга ошно бўлишга чорлаб, мактаб кутубхонасига 100 донадан зиёд илмий ва бадиий адабиётлар улашди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Акмал Раҳмонов Норин туманидаги ўзи таълим олган 44-умумтаълим мактабида бўлиб, Президентнинг Норин туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Фаҳриддин Бойзоқов билан бирга азиз устозларини йўқлади. Собиқ битрувчилар ўқувчиларга китоблар хадя қилиб, Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилаётган жойларда кутубхоналарнинг бойитишга ўз ҳиссаларини қўшишди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси, Қонунчилик палатаси депутати Шухрат Тўхтабоев ҳам Наманган шаҳридаги ўзи таҳсил кўрган 2-умумтаълим мактабига собиқ синфдошлари хамроҳлигида келиб, юздан зиёд ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара дурдонларини туҳфа қилиб, мактаб кутубхонаси фондини бойитдилар.

- Ўқувчи ёшлар билан самимий суҳбатлашдик. Бизга таълим берган барча устозларимиз, жонажон мактабларимиз олдида хамиша қарздормиз! Ҳар бир ўқилган китоб ўсиб келаётган ёшларимизни янада баркамол авлод бўлиб вояга етишларига қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир, - деди мактаб ўқувчилари билан суҳбатда Шухрат Тўхтабоев.

“Миллий тикланиш” партияси Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, қуйи парламент депутати Нодиржон Мухторов томонидан Поп туманидаги 16-умумтаълим мактабида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган “Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб туҳфам” тадбири ташкил этилди.

Тадбирда сўз олган Нодиржон Мухторов камол топиб келаётган ёш авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш ва уларнинг маънавиятини юксалтириш ҳар биримизнинг қолаверса, ҳар бир ватандошимизнинг вазифаси эканлигига урғу бериб ўтди. У ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактабга 30 дона китоб, мураббий ва иқтидорли ўқувчиларга эсдалик совғаларини топширди.

Хайрли анъанада фаол қатнашган Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Иброҳим Ҳожиев Наманган шаҳридаги ўзи ўқиган 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб интернатида бўлиб, ўқувчилар билан самимий мулоқот қилди.

У юртимизда ёшларга яратилган кенг кўламли имкониятлар ҳақида сўзлаб бериб, ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди. Депутат мактаб кутубхонаси учун кўплаб ижтимоий-сиёсий, бадиий адабиётлар ҳамда спорт анжомларини туҳфа қилди.

Зеро, мазкур ҳайрли лойиҳа ёшларни китоб мутолаасига жалб қилиш, уларнинг маънавий оламини янада бойитиш, турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганишларига кўмаклашиши билан бир қаторда Наманганни ҳақиқий китобхон вилоятга айлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев,

Namangan24.uz сайти раҳбари.

 

--> -->