Истеъдодли шоир, ношир ва журналист Носиржон Жамолиддинович Жўраев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш сектори мудири этиб тайинланди.

Бу ҳақидаги хабарни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги “namangan24.uz” сайти манбаси тасдиқлади.

Маълумот ўрнида, Носиржон Жамолиддинович Жўраев 1984 йил 22 май куни Наманган тумани Шўрқўрғон қишлоғида туғилган. Маълумоти олий, мутахассислиги журналист. 2005 йили Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Носиржон Жўраев меҳнат фаолиятини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида бошлаган. У иш фаолияти давомида “Адиб” нашриёти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида масъул вазифаларида ишлаган. 2019 йил 20 майдан буён у пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи директор ўринбосари ва бош муҳаррири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир ва журналист Носиржон Жўраев самарали ижоди орқали жамиятимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йили Тошкент шаҳридаги кўпқаватли уйлардан хонадон совға қилинган. 2018 йили эса Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш сектори мудири этиб тайинланган Носиржон Жамолиддинович Жўраевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->