Наманганда катта адабиёт байрами бўлади
Жорий йилнинг август ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида катта адабиёт байрами ўтказилиши кутилмоқда.
Айтиш мумкинки, бунинг учун Маҳдуми Аъзам, Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий, Бобораҳим Машраб, Мажзуб Намонгоний, Фазлий Намангоний, Исҳоқхонтўра Ибрат, Набихон Чустий каби олиму уламо, маликуш шуаро ва ғазалнависларга бешик бўлган азим юрт - Наманганда кенг имконият ва шароитлар бисёр.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов икки минг йиллик тарихга бориб тақаладиган Чустнинг Ғова қишлоғига, XX аср адабиётида улкан из қолдирган, ғазалнависликни қайта жонлантирган Набихон Чустий домланинг дала ҳовлисига ташрифи чоғида Чустий меросини ўрганиш, унинг ғазаллари ва улар асосида яратилган қўшиқлар фестивалини ўтказиш таклифини ўртага ташлаган эди.
Ўтган тўрт ой мобайнида мутахассислар гуруҳи томонидан бу бўйича пухта режа ишлаб чиқилди. Айни шу масала юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Медиа департаменти раҳбари Анвар Икромов Республика Туризм ва спорт вазирлигида кенгашув ўтказди. Вазир маслаҳатчиси Темур Мирзаев билан бўлиб ўтган музокара чоғида ҳаракат режаси муҳокама этилди.
Бунинг натижаси ўлароқ, жорий йилнинг август ойида Чуст туманида уч кунлик Адабиёт фестивали ўтказиладиган бўлинди.
© namangan24.uz