Наманган вилояти ҳокимининг шу йил 19 июндаги фармойиши билан Хуршидбек Комилжонович Файзиев вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, ҳокимнинг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У мазкур лавозимда Наманган вилояти ҳудудий туризм бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Дилмурод Ҳасанбоевич Жумабоевнинг ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Хуршидбек Файзиев 1985 йил 31 январь куни Чуст туманида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган давлат университетининг ижтимоий-маданий фаолият йўналишини тамомлаган. Мутахассислиги – социолог. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзоси.

У меҳнат фаолиятини 2003 йилда шаҳар ҳокимлигининг “Наманган садоси” газетаси таҳририятида мухбир сифатида бошлаган. Кейинчалик 2005-2009 йилларда “Маърифат гулшани” газетасида муҳаррир вазифасида иш олиб борган.

2009 йил 9 августдан ҳозирги вақтга қадар ЎзХДП Наманган вилояти кенгашининг ижтимоий-сиёсий нашри - “Халқ иродаси” газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келаётган эди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби – раҳбари, ҳокимнинг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Хуршидбек Комилжонович Файзиевга масъулиятли вазифада олиб борадиган ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->