Янгиқўрғон туманида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион 500 минг тонна бўлган янги йирик цемент заводига тамал тоши қўйилди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маҳаллий “Бунёдкор Маҳсудбек Файз” фермер хўжалиги ҳамда Хитойнинг “Hebei Yijia Cheng Trading Co. LTD” ҳамкорлигида ташкил этилган “Namangan Jinmingyang building materials” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан барпо этиладиган ушбу заводга тамал тоши қўйиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, хитойлик инвесторлар ҳамда мутахассислар, журналистлар қатнашдилар.

2017 йилда вилоятга жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 7,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлганди. 2018 йилда 74 миллион доллар инвестиция кириб келди. Бу йил учун 108 миллион доллар хорижий сармоя жалб этиш режалаштирилганди, аммо 2019 йилнинг дастлабки олти ойида вилоятга 125 миллион доллар ҳажмда инвестиция кириб келди, йил охиригача бу кўрсаткич 400 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

40 гектар майдонда иншо этиладиган янги цемент заводи лойиҳасининг умумий қиймати 105 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан 90 миллион доллари тўғридан тўғри Хитой инвестициясидир, лойиҳанинг қолган қисми эса маҳаллий ҳамкор томонидан молиялаштирилади.

Қурилиш ишлари 2020 йил тўртинчи чорагида якунланади. Замонавий Хитой технологиялари билан жиҳозланадиган янги заводнинг ишга тушиши билан 700 та иш ўрни яратилади.

“Namangan Jinmingyang building materials” цемент заводига тамал тоши қўйилиши натижасида вилоятда барпо этилаётган цемент ишлаб чиқариш корхоналари сони бештага етди. Ҳозирда Косонсой туманида лойиҳа қуввати йиллик 250 минг тонна, Поп туманида қуввати йиллик 500 минг тонна, Чуст туманида қуввати йиллик 250 минг тонна ҳамда Янгиқўрғон туманида қуввати йиллик 200 минг тонна бўлган цемент заводлари қурилиши жадал суръатлар билан давом этмоқда.

Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Маъмуржон Эргашев,

© namangan24.uz

--> -->