Шуҳрат Абдулмаҳмудович Тўхтабоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Наманган вилояти филиали раҳбари этиб тайинланди.

Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Бугун – 2020 йил 31 январь куни Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Махсумов Шуҳрат Тўхтабоевни Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали раҳбари сифатида таништирди.

Маълумот ўрнида, Шуҳрат Абдулмаҳмудович Тўхтабоев 1979 йил 3 сентябрь куни Наманган шаҳрида зиёли оиласида туғилган. Маълумоти олий, Наманган муҳандислик-педагогика институтини информатика ва ахборотлар технологияси мутахассислиги ҳамда Наманган давлат университетини юриспруденция мутахассислиги билан тамомлаган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг аъзоси.

Шуҳрат Тўхтабоев кўп йиллар адлия тизимида фаолият олиб борган, 2013-2015 йилларда Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият кўрсатган.

Қайд этиш жоизки, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда кадрлар бошқаруви ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлади, ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Наманган вилояти филиали раҳбари этиб тайинланган Шуҳрат Абдулмаҳмудович Тўхтабоевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->