Мамлакатимизнинг яқин иттифоқчи шериги ва узоқ йиллик ҳамкори Россия Федерацияси билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга тўхталиб, шу жумладан Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланди.

Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясига бошланган амалий сафари айни шу вазифалар ижроси асосида амалга оширилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг мухбиримизга маълум қилишича, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Россия пойтахти Москва шаҳридаги “Lotte Plaza” меҳмонхонасида рус ишбилармонлари доиралари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Амалий мулоқотлар давомида бир қатор келишув шартномалари имзоланди.

Шунингдек, бугунни ўзида Москвада Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Россия Федерациясининг “Siberian Wellness” компанияси бош директори Наталья Гороховская ўртасида расмий учрашув ҳам бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда Наманган вилоятида “Siberian Wellness” компанияси билан ҳамкорликда мева-сабзавот кластерини йўлга қўйиш, хусусан, интенсив боғ, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, калибровка қилиш ва замонавий музлатгич ташкил этиш бўйича қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.


Ушбу йирик лойиҳа 2022-2023 йилларда тўлиқ амалга оширилади. Бунинг натижасида эса 1 мингга яқин ҳамюртларимизнинг бандлигини таъминлашга эришилади. 

Наманган вилояти делегациясининг Россия Федерацияга сафари давом этмоқда.

© namangan24.uz

--> -->