Наманган шаҳрида карантин шароитида қийналаётган оилаларга ёрдам бериш мақсадида вилоятимиздаги саховатпеша инсонлар, мард тадбиркорлар ташаббуси билан “Тадбиркорлар саховат жамғармаси” тузилди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этиш жоиз, янги таъсис этилган фонд фаолиятини “Анамед” тиббий диагностика маркази раҳбари, сенатор ва тадбиркор Носирбек Абдуллахонов, “Шодиёна” мажмуаси раҳбари, тадбиркор ва депутат Зайниддин Ҳожиакбар, “Мехмаш” корхонаси раҳбари, тадбиркор ва депутат Зокиржон Хўжаев, “Диёр” мажмуаси раҳбари Абдувоҳид Азимов каби эл дардини ўйлаган саховатпешалар мувофиқлаштириб турибдилар.

- Кимдир ҳисоб рақамига маблағ туширяпти, кимдир пластик картасидан пул ўтказди, яна  кимдир озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келди. Волонтёрлар ва транспорт воситаларини ажратганлар ҳам бўлди. Шу ташаббус бошлангандан бери ўтган 3 кунда 200 миллион сўмдан ошиқ пул ва 300 миллион сўмликдан кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилди, - дейди “Шодиёна” мажмуаси раҳбари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоли, депутат Зайниддин Ҳожиакбар.

Ун, ёғ, гуруч, шакар, тухум, картошка ва сабзи-пиёздан иборат тўпламлар шаҳар ҳокимлиги тақдим этган рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга етказилади.

Вилоят марказидаги 200 дан зиёд хонадон учун мўлжалланган илк машиналар карвони “Биз бепарво эмасмиз. Биз меҳр улашамиз!” шиори остида маҳаллаларга йўл олиб, дилларга хушнудлик улашди.

© namangan24.uz
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->