Нодир Собирович Отажонов Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири маслаҳатчиси – “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб тайинланди. У ушбу лавозимда 2018 йил мартидан буён ишлаб келаётган Мухтор Акбарович Каримов ўрнида иш бошлади.

Дарвоқе, Мухтор Каримов Президентимизнинг шу йил 12 июль куни Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташрифи арафасида ишдан олинган. Давлатимиз раҳбарига ташриф вақтида лойиҳалар Нодир Отажонов томонидан тақдим этилди.

Қайд этиш жоиз, Нодир Отажонов 2019 йил 28 январдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозими фаолият юритиб келаётганди.

У бундан аввал республика Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари сифатида ҳам иш олиб борган.

Маълумот ўрнида, Нодир Собирович Отажонов 1967 йилда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. У 1993 йили Андижон қишлоқ хўжалиги институтини, 1999 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтини, 2000 йили эса республика Банк ва молия академиясини тамомлаган. Муҳандис-механик, иқтисодчи, молиячи мутахассисликларига эга.

“Namangan24.uz” сайти Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири маслаҳатчиси – “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб тайинланган Нодир Собирович Отажоновга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

--> -->