Наманганда халқ депутатлари Давлатобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вилоят ва шаҳар фаоллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил июнь ойида Наманганга ташрифи давомида фаоллар билан ўтказган йиғилишда кейинги йилларда вилоят марказида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Наманган шаҳри таркибида янги туман ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган эди. Мазкур масала халқ депутатлари Наманган шаҳар ва вилоят кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, давлат раҳбарининг ташаббуси маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги “Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарори билан янги туманга асос солинди.

Қайд этиш жоизки, бундан аввал ҳам Наманган вилоятида 1977 йил 29 август куни 1,1 минг гектар майдонда Давлатобод тумани ташкил этилган. Мазкур туман 2003 йилнинг декабрь ойида тугатилиб, шаҳар таркибига қўшиб юборилган.

2020 йил 12 ноябрь куни эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қайта ташкил этилган Давлатобод тумани ҳудуди 4 минг 686 гектардан иборат бўлиб, Наманган шаҳри ҳудудининг 26 фоизини ташкил этади. Туманнинг 25 маҳалласида 150 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Туман ҳудудида 421 кўп қаватли уй, 18 мактаб, 24 болалар боғчаси, 5 тиббий муассаса, “Юксалиш” ва “Орзу” кичик саноат зоналари, “Навбаҳор” стадиони, “Афсоналар водийси” боғи, 5 замонавий меҳмонхона ва 700га яқин хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган. “Namangan city” ва “Smart city”  бунёдкорлик лойиҳалари ҳам шу гўшада барпо этилади.

“Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Давлатобод туманини рақамли трансформация қилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Туманда информатика ва ахборот технологиялари фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳамда рақамли технологияларга ўқитиш ҳудудий ўқув маркази ташкил этилади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шу пайтга қадар Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири этиб ишлаб келган Анваржон Абдувоҳидович Тожимирзаев Давлатобод тумани ҳокими этиб тайинланди.

Анваржон Тожимирзаев 1978 йил 17 февраль куни Наманган шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2000 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги бинолар ва саноат иншоотлари қурувчиси,  ўқитувчи-педагог.

Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Наманган шаҳар ҳокимлигининг «Иқтисодстат» бошқармаси мутахассислигидан бошланган.  2005—2020 йилларда Наманган шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари котибияти мутахассиси, етакчи мутахассиси, Наманган вилояти ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари котибияти етакчи мутахассиси, мудири, Наманган шаҳар ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўлими бош мутахассиси, Наманган шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, “Ўзтрансгаз” акционерлик жамияти Наманган вилояти ҳудудий газ таъминоти филиали бошлиғи вазифасини бажарувчи вазифаларида ишлаган.

2020 йилдан ҳозирга қадар Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаб келаётганди.

Анваржон Тожимирзаев Наманган шаҳар ҳокимининг 2020 йил 14 ноябрдаги қарори билан Давлатобод тумани ҳокими этиб тайинланди ва туман Кенгаши депутатлари томонидан лавозимига тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда янги ташкил этилган Давлатобод тумани прокурори этиб Муҳаммадали Қирғизбоев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига Умид Бойхонов тайинландилар.

Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари Икромхон Нажмиддинов, Анна Добрих, янги тумандаги Тўқувчи, Юксалиш ва Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари Сабоҳатхон Шокирова, Карима Жўраевалар сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуслари билан янги туманни ташкил этилиши энг аввало, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, Давлатобод ҳудудини инфратузилмасини ривожлантиришда тарихий аҳамият касб этажагини билдирдилар.

Сессия ишида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Оқилхон Дадабоев,
Namangan24.uz ахборот-таҳлилий портали раҳбари.

--> -->