Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг ҳудудий бўлинмаларига мудир вазифасини бажарувчилар тайинланди.

Ҳукуматнинг мазкур қарори асосида Фарход Зокиржонович Мадраҳимов Бош вазир қабулхонасининг Наманган вилоятидаги ҳудудий бўлими мудири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Фарход Мадраҳимов 1988 йил 2 январь куни Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2009 йили Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалини тамомлаган. Мутахассислиги ахборот-технологиялари муҳандиси. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси.

Фарход Мадраҳимов меҳнат фаолиятини 2010 йили Наманган транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчилигидан бошлаган. У меҳнат фаолияти давомида “Ўзтелеком” Наманган филиали Чортоқ тумани телекоммуникация боғламаси, собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилояти ва Чортоқ тумани кенгашлари, вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармасида масъул вазифаларда фаолият юритган. Фарход Мадраҳимов 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар вилоят иқтисодиёт ва саноат бошқармасида саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республика Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Бош вазир қабулхоналарининг асосий вазифаси тадбиркорларни ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказишдан иборат. Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олишдаги тўсиқларни бартараф этиш ҳам қабулхоналар вазифасига киради.

Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш орқали бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, “Namangan24.uz” сайти жамоаси Бош вазир қабулхонасининг Наманган вилоятидаги ҳудудий бўлими мудири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Фарход Зокиржонович Мадраҳимовга янги лавозимдаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->