Шу йилнинг 7-8 июнь кунлари Наманганда “Doing Business with Namangan-2019” Халқаро инвестиция форуми ва “Made in Namangan-2019” Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси бўлиб ўтади.

Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагидаги мазкур йирик анжуман вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар билан хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамиятини ва халқаро ташкилотлар вакилларини таништириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Кенг кўламдаги бизнес анжуманида Қозоғистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Сингапур, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, АҚШ, Франция каби дунёнинг 40га яқин давлатидан йирик хорижий ишбилармон доиралари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар, туристик фирмаларнинг 250 га яқин вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус иштирок этиши кутилмоқда.

Қайд этиш даркор, Наманган вилояти Ўзбекистоннинг аҳолиси зич ҳудудларидан бири бўлиб, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида улкан салоҳиятга эга.

Форум доирасида Наманган вилоятининг инвестицион, туризм, экспорт салоҳияти ва имкониятлари бўйича мутахассислар томонидан тақдимотлар ўтказилади. Тақдимот якунлари бўйича истиқболли шартномаларни имзолаш ҳамда вилоятнинг хорижий давлатлар билан алоқаларини янада кенгайтиришга эришиш, тадбир якунига кўра инвестицион битимлар ва мустаҳкам шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Форумга дунёнинг хорижий сармоядорлар учун мўлжалланган “B2G” ва “B2B” форматларидаги кооперацион биржа ташкил қилинади. Бундан ташқари инвесторлар ва бизнесменларнинг маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриши ва Тўрақўрғон, Чортоқ туманларининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан таништириш режалаштирилган.

Форумни Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида кенг ёритиш ва тарғибот қилиш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлиги раҳбариятининг маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифинги ўтказилади.

Наманган вилояти имижини оширирадиган, ҳудуднинг туризм инвестициявий салоҳиятини намоён этадиган Халқаро инвестиция форумига марҳамат қилинг, хонимлар ва жаноблар, қадрли бизнесменлар!

 

Маъмуржон Эргашев,

© namangan24.uz

--> -->