Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки Наманган вилояти бош бошқармасига янги раҳбар тайинланди.

Марказий банк бошқаруви раисининг буйруғига биноан Ғайбулло Ҳамидуллаевич Воҳидов 2019 йилнинг 8 майидан эътиборан Ўзмарказбанк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи сифатида иш бошлади. У мазкур лавозимда фаолият юритиб келаётган Илёсжон Нўъмонович Жўраевни алмаштирди.

Маълумот ўрнида, Ғайбулло Воҳидов 1984 йил 23 сентябрь куни Наманган туманида туғилган. 2008 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2012 йили эса Тошкент молия институтитини тамомлаган. Мутахассислиги менежер-иқтисодчи. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси. Оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси.

Қайд этиш жоиз, Ғайбулло Воҳидов Ҳукумат томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаб, вилоят миқёсида ўтказиладиган барча ташкилий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ғайбулло Воҳидов меҳнат фаолиятини 2004 йили акционерлик тижорат “Пахтабанк” (ҳозирги “Агробанк”) Тошбулоқ филиалида бошлаган. У иш фаолияти давомида ушбу банкнинг Наманган тумани ва вилоят филиалларида турли вазифаларда, шунингдек, Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармасида пул муомаласини тартибга солиш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи, “Асака” банк Наманган вилояти филиали бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

У 2018 йилдан ҳозирги вақтда қадар Наманган вилояти ҳокимлигининг иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

“Namangan24.uz” сайти Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Ғайбулло Ҳамидуллаевич Воҳидовга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->