Наманган вилояти ҳокимининг фармойиши билан Адҳам Маматович Раҳмонов “Namangan new city” дирекцияси раҳбари этиб тайинланди.


Адҳам Раҳмонов 1989 йил 27 июлда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2015 йили Наманган муҳандислик-қурилиш институти магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини 2015 йилда “Камолот” Ёшлар ижтимоий харакати Наманган тумани Кенгаши мутахассиси сифатида бошлаган. 2016-2019 йиллар давомида “Камолот” ёшлар ижтимоий харакати Наманган вилояти Кенгаши; “Miramax Brok Invest” масъулияти чекланган жамияти брокерлик идораси; Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси; Наманган вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасида турли масъул вазифаларда иш олиб борган.

Адҳам Раҳмонов 2019 йил 10 апрелдан буён Наманган вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Наманган медиа департаментининг эслатишича, “Namangan new city” дирекцияси Наманган шаҳрининг шимолий қисмидаги 588 гектарлик қир-дашт ҳудудда қарийб юз минг аҳоли учун барпо этилаётган янги шаҳар қурилиш ишларини мувофиқлаштиради.

© namangan24.uz

--> -->