Инсон тарбияси аввало оилада, миллий қадриятлар эса унинг қалбида шаклланади. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ота-онага меҳр, устозга эҳтиром, ор-номус, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва оқибатлилик — булар шунчаки урф-одат эмас, балки инсонни инсон қиладиган маънавий мезонлардир. Улар авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк, жамиятнинг мустаҳкам таянчидир.

Бугун замон тез ўзгармоқда. Ахборот оқими, ижтимоий тармоқлар, турли маданий таъсирлар ёшлар дунёқарашига тобора кучли таъсир кўрсатяпти. Албатта, янгиликка интилиш, замонавий билимларни эгаллаш, дунё билан ҳамқадам бўлиш муҳим. Аммо тараққиёт миллий ўзликдан воз кечиш эвазига бўлмаслиги керак. Илдизидан узилган дарахт қанчалик баланд бўй чўзмасин, барибир мустаҳкам бўлолмайди.
Ачинарлиси, баъзан оддий муомала маданияти, оиладаги ўзаро ҳурмат, маҳалладаги оқибат, катталарнинг дуосини олиш, дастурхон атрофидаги одоб каби қадриятларимизга эътибор сусаяётганини кўрамиз. Айрим ҳолларда фарзанднинг қўлига қиммат телефон тутқазишни унинг тарбияси учун етарли деб биламиз. Ваҳоланки, болага энг аввало эътибор, меҳр, тўғри намуна ва маънавий йўл-йўриқ керак. У катталарнинг насиҳатидан кўра, уларнинг хатти-ҳаракатидан кўпроқ сабоқ олади. Ота-она китоб ўқимаса, фарзанддан мутолаани талаб қилиш, ўзи муомалада қўпол бўла туриб, боладан одоб кутиш қанчалик самара беради?

Яна бир муҳим жиҳат: миллий қадриятларни асраш деганда фақат ўтмиш анъаналарини такрорлашни тушунмаслик керак. Қадрият — замон ўзгарса-да, ўз аҳамиятини йўқотмайдиган маънавий бойлик. Уни замонавий ҳаёт билан уйғунлаштириш, ёшларга унинг мазмун-моҳиятини англатиш лозим. Масалан, катталарга ҳурмат бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани каби, ҳалоллик, ваъдага вафо, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик ҳам ҳар қандай даврда инсон қадрини белгилайди.

Шу боис қадриятларни асраш фақат оиланинг эмас, таълим муассасалари, маҳалла, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳам муҳим вазифасидир. Бу борада қуруқ тарғиботдан кўра, ҳаётий мисоллар, ибратли оилалар тажрибаси, китобхонлик муҳити, миллий санъат ва адабиёт намуналарини кенг ёритиш самаралироқдир. Ёшлар қалбида миллий ғурур ва ўзликни англаш туйғусини шакллантириш эса изчил эътибор талаб этади.

Энг муҳими, тарбияни фақат мактаб ёки бошқа бир муассаса зиммасига юклаб қўймаслигимиз керак. Фарзанднинг илк устози — ота-она, илк тарбия маскани эса оиладир. Оилада меҳр, ҳурмат ва масъулият устувор бўлса, бу муҳитда улғайган бола жамиятда ҳам ўз ўрнини топади.

Зеро, замонавий билим инсонга йўл очса, миллий қадриятлар унга йўналиш беради. Техника ва технология инсон имкониятларини кенгайтиради, аммо унинг қалбидаги инсонийлик, виждон ва масъулиятни қадриятлар тарбиялайди. Қадриятлардан айрилган тарбия эса ўз таянчини йўқотади.

Биз фарзандларимизга фақат замон билан ҳамнафас бўлишни эмас, ўзлигини йўқотмасликни ҳам ўргатишимиз керак. Чунки келажакни билимли авлод барпо этади, унинг маънавий қиёфасини эса миллий қадриятлар белгилайди.

Мухлиса Рўзиматова,

Наманган давлат педагогика институти ёшлар масалалари, маънавият ва маърифат бўлими тьютори.

© namangan24.uz

--> -->