Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган эзгу ишларга мутлақо эътибор қилмайдиган, тирноқ ичидан кир қидирадиган, шов-шув кетидан қувийдиган “Озодлик” сайтида шу йил 24 июль куни аноним манбага асосланган ҳолда “НАМАНГАН – “Товон пули тўлиқ берилмагани сабаб ўнлаб оилалар вайрона ичида яшамоқда” сарлавҳали хабар эълон қилинди.

“Наманган вилояти Уйчи туманидан ёзмоқдамиз. Бузилишлар оқибатида туманимиз уруш майдонини эслатувчи ҳолатга келиб қолди” дея бошланган “Озодлик” материалида, бузилишга тушган уй эгалари сарсонлиги, айрим уйларнинг ярми бузилгани, ярмида эса оилалар яшаётгани келтирилган. Товон пули тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмагани боис уйлар тўлиқ бузилмагани, имконияти борлар аллақачон янги ажратилган ер майдонларида қурилишни бошлаб юборгани, қўли калта, давлат берадиган компенсация пулига қараб турганлар вайроналар ичида яшашга мажбурлиги айтилади.

Мақола юзасидан Уйчи тумани ҳокимлиги “Уйчинома” газетасида қуйидаги мазмунда РАДДИЯ берди:

“Барча жойда бўлгани каби бугунги кунда  Уйчи тумани марказида ҳам катта ҳажмда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, “Обод марказ” дастури бўйича 4 Р-116 автомобиль йўлининг 14-16-километри ҳамда 4 Р-118 автомобиль йўлининг 9-11 километри жаҳон андозалари талабалари даражасига келтирилиши режалаштирилган. Мазкур автомагистраль йўл энг серқатнов йўл бўлганлиги, туман марказидаги олтмишга яқин  ижтимоий-маданий, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги объектда айни вақтда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилаётгани боис йўлларда транспорт қатновида қийинчиликлар бўлаётгани сир эмас. Бироқ маълумот ўрнида айтиш жоизки, қурилиш ишлари аниқ лойиҳа асосида амалга оширилмоқда ва  туман ҳокимлигида, шу билан бирга, ҳар бир объектда мазкур лойиҳалар энг кўринарли жойларга осиб қўйилган. Қурилиш  ва йўлларни кенгайтириш ишлари жорий йилнинг 25 августига қадар тўлиқ тугалланади. Шу мақсадда кунига элликдан ортиқ техника ва салкам мингга яқин ишчи кучи жалб этилган. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Кўзланган мақсад ягона – йўллардаги тирбандликни йўқотиш ва ҳайдовчи-ю пиёдаларга қулай шарт-шароит яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги  “2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги ПҚ-2853-сонли қарорига кўра “Уйчи деҳқон бозори” иккинчи типда  қурилиши режалаштирилган. Бозор ҳудуди кенгайтирилиши муносабати билан  Боғ МФЙ ҳудудида яшовчи 14 нафар фуқаронинг турар жой объекти бузилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги фармони билан маъқулланган давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва бизнесга етказилган зарарларни қоплашнинг янги механизми талаби асосида амалга оширилмоқда. Хонадон эгаларининг ҳар бири билан суҳбатлашилган,  расман огоҳлантирилган, уларнинг розиликлари олинган. Туман ҳокимининг 2019 йил 15 майдаги 2325-сонли қарори ҳамда “Бекзод Эксперт” МЧЖнинг 2019 йил 20 майдаги 7/05-сонли хатига асосан мазкур турар жой бинолари 1 865 950 979 сўмга баҳоланган бўлиб, шундан 1 306 165 685 сўми, яъни 70 фоиз тўлови тўлиқ амалга оширилган. Компенсация  тўлови Халқ банки Уйчи филиали орқали нақд пулда берилган. Фуқароларимиз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва бундан бирор хонадон жабр чекмаслиги учун барча зарурий чораларни кўрамиз.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бир неча йиллардан бери уйчиликларнинг орзу ва армони бўлиб келаётган туман марказини энг обод, озода  ва кўркам масканга айлантириш, йўлларни кенгайтириб, жаҳон андозалари талаблари даражасига келтириш, тирбандликни йўқотиш. Халқимиз розилиги йўлида амалга ошираётган бунёдкорлик ишларимиз айнан Мустақиллик байрами арафасида якунига етади.”

© namangan24.uz

 

Янгиликлар

--> -->