Ўзини “инсон ҳуқуқлари ҳимоячисиман”, деб иддао қилаётган, Шабнам Оллошукурова номи билан ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган синглимиз ҳозир Наманган шаҳрида бўлиб турибди экан. Ўзича жуда “дадил” ва топқир. Ярим миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган шаҳарнинг икир-чикири бор (бунақаси ер юзининг ҳеч қаерида йўқ!) нуқталарига, битта-яримта масаласи ечилмаган фуқароларнинг манзилига адашмай, новигатори бордай топиб боряпти-да.

Наманган шаҳридаги “Юксалиш” мавзеси аҳоли вакиллари билан учрашганда кўпқаватли хонадонда яшовчиларнинг тилидан юртдан розилик, раҳбарларнинг ишларидан миннатдорлик тушмаган. Ўзига маъқул келадиган маълумотни ололмагач, вилоят телевиденияси журналисти  берган саволга жавоб беролмай, уни ўзига босим ўтказаётганликда айблаб, ҳурмат билан тушунтирилишига қарамай, зарда билан жўнаб қолган. Аҳолининг олиб борилаётган ишлардан розилиги ёқмай ва буни “уюштирилган спектакль” деб ижтимоий тармоққа жойлаб, кўнгли тинчиди.

Куни кеча унинг “Фейсбук”даги саҳифасига кириб, ҳайратдан ёқа ушладик.

“Яқин кунларда бир гуруҳ тадбиркорлар қўзғолон кўтариш эҳтимоли бор. Кўзингни оч, хоким.”

 

Тавба, тавба. Бу ҳокимга дағдағами ёки очиқ-ошкора қўзғолонга даъватми?  Мақсади нима ўзи, бу аёлнинг?! Нега жамоатчиликни қутқуга соляпти? Бу дағдағалар кимга қарши? Ўзи у кимнинг тегирмонига сув қуймоқда? Мамлакат миқёсида обрў-эътибор топган, ҳунармандлиги ва ишбилармонлиги билан юрт равнақига баракали ҳисса қўшаётган Наманган тадбиркорларини нега қўзғолонга чорлаяпти? Ёки унинг шу кунги яна  бир бошқа постида ҳам шундай ҳайбат,  унинг замирида яширин мақсад сезилади. Қаранг:

“Хоразм вилоят хокимияти ва ИИБ фуқароларнинг намойиш ўтказиш тўғрисидаги аризасини асоссиз равишда рад этди”.

“Асоссиз” деганда у нимани назарда тутаяпти? Афтидан блогеримиз узоқроқдан “Юртда норозилик, ғалаён кўтариб жамияти тинчлигига раҳна соласан” деган жиддий буюртма олган кўринади. Акс ҳолда бу даражада даъваткорлик қилмасмиди? Халқнинг раҳбарларга нисбатан айтган эътирофи шунчалик энсасини қотирмасмиди?

Агар шундай бўлса бу хил “ўйин”ларга кириш аёл зотига, хусусан ўзбек аёлига хос эмас, назаримизда.

Саида Исмоилова,

журналист.

(Манба: "Наманган ҳақиқати" газетаси).

© namangan24.uz

--> -->