Вилоят ҳокимининг 2023 йил 7 декабрдаги тегишли қарори билан Илҳомжон Жўрабоевич Раҳматов Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ҳокимлик соатида ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда расман таништирилди.

Илҳомжон Раҳматов 1973 йил 18 августда Наманган туманида туғилган. Маълумоти олий, 1998 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. Мутахассислиги журналист.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Наманган туманидаги “Учқун” (ҳозирги “Истиқлол”) газетаси таҳририятида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Ўтган давр давомида оммавий ахборот воситаларининг турли йўналишларида, хусусан, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби, Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, Наманган вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси, Республика Маънавият тарғибот марказининг Наманган вилояти бўлими раҳбари, “Маҳалла” республика газетаси бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида ишлаган.

Янги тайинловга қадар, яъни 2015 йилдан буён Наманган вилояти телерадиокомпаниясида катта муҳаррир, сиёсий шархловчи, радио ҳамда телевидение гуруҳлари бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари мақоми жиҳатидан вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимига тенглаштирилган. Мазкур тайинловни Наманганда узоқ кутилган тайинлов сифатида баҳолаш мумкин. Боиси, аввалги матбуот котиби Фарҳод Мамадалиев Уйчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига ишга ўтганидан кейин - 2023 йилнинг майидан, яъни олти ойдан бери мазкур лавозим вакант бўлиб келаётганди.

Маълумот ўрнида, вилоят ҳокимининг матбуот котиби сифатида иш бошлаган Илҳомжон Раҳматов 1999 йилда Президент фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

© namangan24.uz

--> -->