Кўп йиллар мобайнида ишончли ва муҳим шерикчилик муносабатларига эга икки минтақа – Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг ўзаро муносабатлари узоқ ўтмишга, яъни Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Икки минтақа халқларининг ўртасида кўп томонлама дўстона ва ҳурматга асосланган муносабатларга гувоҳлик берувчи эътиборга молик воқеа ва маълумотлар тарихий манбаларда сақланиб қолган.

Сўнгги бир неча йилларда икки мамлакат ўртасида кўплаб йўналишлардаги ҳамкорлик муносабатлари тобора ривож топмоқда. Хусусан, таълим соҳасида ҳам янги тарихий саҳифалар яратилилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.

Хитойда илм-фаннинг ривожланиши, таълимга берилган эътибор, мазкур давлатнинг жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашига асосий омил бўлиб келмоқда. Шу ўринда таъкидлаш даркор, охирги етти йил ичида мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўзининг юқори самарасини кўрсатмоқда. Бинобарин, икки давлатнинг таълим йўналишида олиб бораётган амалий фаолияти бир мақсад йўлида муштарак эканлигини тасдиқлайди.

Хитой Халқ Республикаси билан икки тарафлама олийгоҳлар ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилди. Биргина, Наманган муҳандислик-технология институти томонидан Хитойнинг Вухан, Донхуа, Зежианг фан ва технологиялар университети, Ланжоу кимё-физика институти, Шинжиан кимё технологиялар институтлари билан изчил алоқалар ўрнатилди.

Бундан беш йил аввал, яъни 2019 йили институтимиз делегацияси Хитойнинг Донхуа Ҳефеи, Шенжоу университетларига ташриф буюрган. Ҳамкорлик доирасида ҳозирга қадар Хитой олий таълим муассасаларига 40 дан ортиқ талаба ёзги мактабларга юборилди, 11 нафар бакалавр босқичидаги ёш халқаро талабаларнинг мобиллик дастури асосида алмашинув дастурида иштирок этди. Наманган муҳандислик-технология институтининг беш нафар  илмий тадқиқтчиси  халқаро – “Бир макон - бир йўл” лойиҳаси доирасида бир йиллик стажировка дастурларида фаол қатнашди.

Қолаверса, институтимизнинг тўрт нафар ёш профессор ўқитувчиси Хитойнинг Зежианг фан ва технологиялар университети, Донхуа университети, Хитой фан ва технологиялар университети, Ланжоу кимё-физика институти, Шинжиан кимё технологиялар институтларига Хитой ҳукуматининг ҳалқаро талабалар учун ажратилган “Хитой ҳукумати стипендияси” дастури асосида “PhD” ва “DC”  босқичида таҳсил олиш учун юборилди ва улардан икки нафари ўз илмий тадқиқотларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Наманганга қайтишди. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар талабаларнинг мукаммал билим олишида муҳим аҳамият касб этди.

Бугунги кунда Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда Хитойнинг Зежанг  фан ва технологиялар университети ўртасида икки йилга мўлжалланган "Мис таркибга асосланган нанозаррачаларнинг ўлчамлари ва уни антибактериал ўз-ўзидан хромогеп толали материалларга қўллаш" ҳамда Вухан университети билан ҳамкорликда “Хитин-Хитозан асосида термосенсорли полимерлар олиш технологияси” амалий лойиҳалари бажарилмоқда.

Томонлар ўрасидаги англашув меморандум доирасида, жорий йилнинг 15-31 май кунлари Наманган муҳандислик-технология институтининг бир гуруҳ олимларидан иборат делегация Хитойнинг Зежанг  фан ва технологиялар университетига дастлабки лойиҳа ҳисоботларини муҳокама қилиш, келгуси режаларни белгилаш ва “3+1” қўшма дастурларни амалга ошириш муҳокамаларида қатнашиш ҳамда талабаларнинг ёзги амалиётини ташкил қилишда Хитойнинг ишлаб чиқариш корҳоналари билан келишувга эришиш масалаларида хизмат сафарига юборилади.

Эътироф этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига 23-25 январь кунлари амалга ошириладиган давлат ташрифи икки минтақа олий таълим муассасалари учун ҳам катта имкониятлар эшикларини очиб беради. Мазкур бўлажак ташриф доирасида биринчи марта “Ўзбекистон-Хитой таълим форуми” ўтказилиши ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган форумда икки мамлакат томонидан 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур халқаро форум икки давлат олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа вазифасини ўтайди.

Форумда Ўзбекистон-Хитой университетлари ўртасида олий таълим ва илм-фан йўналишидаги алоқаларни жадаллаштириш, ўзбекистонлик талабаларнинг хитой тилини чуқурроқ ўрганишлари учун имкониятларни кенгайтириш, таълимда сунъий интеллектни жорий этиш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамлаштириш, кимё саноати йўналишларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, стажировка ўташ, спин-офф корхоналарини ташкил этиш, технологиялар трансферини амалга ошириш, Хитой технологик парклари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Қайд этиш даркор, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим йўналишида амалга оширилаётган ҳамкорлик – соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган халқаро илмий тадқиқотлар юзасидан атрофлича фикр алмашиниши, имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришига хизмат қилади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Хитой ва Ўзбекистон миллий тараққиёт ва юксалиш йўлида бундан кейин ҳам изчил ҳамкорликни давом эттиради. Бу эса  мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин ва янги саҳифаларини очаверади.

Одилжон Маматкаримов,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори,

физика-математика фанлари доктори, профессор.

--> -->