Янгиланаётган Ўзбекистонда, жамият ҳаётидаги энг мухим воқеалар, фуқаролар, уларнинг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаш ва хал этиш учун жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутади. Зотан, жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тараққиётининг бирламчи шартларидандир.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасининг ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш, қолаверса давлат органлари ва муассаалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Фармон 17 банддан иборат бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталарини шакллантириш, Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари, ташкилий тузилмаси, молиялаштириш каби масалалар баён этилган.

Фармонга асосан Жамоатчилик палатаси – республика даражасида, ҳамда ҳудудий миқиёсда ташкил этилади. Республика даражасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (Жамоатчилик палатаси), ҳудудий даражада эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари (ҳудудий Жамоатчилик палаталари) тузилади.

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгаши органлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси – жамоатчилик асосида ишлайдиган яъни бир вақтнинг ўзида асосий меҳнат фаолиятидан ажралмаган холда фаолият олиб борадиган 50 нафар аъзолардан иборат бўлади.

Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади, яна 18 нафари эса Республика миқиёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филлиаллари бундан мустасно), ОАВ ва кенг жамоатчилик тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади, қолган 14 нафарини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ҳудудий жамоатчилик палатасининг раислари ташкил этади.

Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган, 21 нафар аъзолардан иборат бўлиб, улар жамоатчилик форумларида тавсия этилган, ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакилларидан ташкил топади. Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати биринчи умумий йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 3 йил этиб белгиланади.

Жамоатчилик палатаси раиси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари жамоатчилик асосида фаолият юритади. Жамоатчилик палатаси раиси мақомига кўра вазирга тенглаштирилади.

Жамоатчилик палатасининг фаолияти унинг ижро органи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси аппарати томонидан олиб борилади.

Фармонда Жамоатчилик палатасининг 12 та фаолият йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган самарали мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти нститутларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимлари бўйича Президентга, Олий Мажлис палаталарига ва ҳукуматга тегишли норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш учун таклифлар киритиш каби йўналишларда фаолият юритади.

Ҳозирги кунда 30 яқин халқаро рейтинглар бор ва сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг нуфузи мана шу рейтингларда ошиб бораяпти. Фармонда белгиланганидек, энди Жамоатчилик палатаси мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини, обрўсини оширишга хизмат қилади, ва шу мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишга кўмаклашади ва мазкур масалада жамоатчилик эшитувларини ташкил этади.

Фармонда шунингдек, жамоатчилик палатаси ташкил этилганлиги муносабати билан жамоатчилик тузилмалари вазифалари такрорланишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Маркази фаолиятини тугатиш белгилаб қўйилган.

Фармонга кўра, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлил натижалари, ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шахар) Кенгашларида кўриб чиқилади.

Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлиснинг иккала палатасига мамлакатимиздаги фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузалар тақдим этиб боради.

Яна бир эътиборли жиҳати, бизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизга Жамоатчилик палатаси сўрови деган институт, яъни, жамоатчилик назорати шакли кириб келаяпти. Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Президент ташаббуси билан тузилган янги тузилма юртимизда барча соҳаларда жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги жараёнларда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғояни амалда рўёбга чиқариш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Нигора Нуралиева,

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Наманган ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

© namangan24.uz

--> -->