Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги маҳаллаларда пенсионерларга пенсия пулларини нақд пулда тарқатган, коронавирусга чалинган, дея иддао қилинган Халқ банки кассир-ходимини ҳақорат қилган орган масъул ходимининг видео-лавҳаси халқимизнинг катта эътирозларига, кенг мунозараларига сабаб бўлди.

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, вилоят ИИБ томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш мобайнида 11 апрель куни Халқ банки Наманган шаҳар филиалида ишловчи фуқаро коронавирус пандемияси бўйича топширган таҳлил натижаларига кўра, унда вирус аломатлари бор дея гумон қилинган эди. Банк ходими 1 апрелдан 11 апрелгача олтита маҳаллада яшовчи нафақа олувчиларга пул тарқатганлиги боис, ушбу ҳудудларда инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида Наманган шаҳар ички ишлар бўлими (ИИО ФМБ) ходимларидан иборат олтита гуруҳ тузилиб, нафақа олган фуқароларни хонадонларини карантин назоратига олиш, уларга тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича амалий иш ташкил этилди.

Қайд этилишича, ушбу тадбирга жалб этилган Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходими ўзи бириктирилган штабда тиббий кийим ва тиббий ниқобда турган ҳолатида ўзини гуруҳ аъзолари билан бирга видеотасвирга олиб, тасвир давомида вилоят ҳудудида карантин ҳолати эълон қилинганлигини била туриб, аҳоли орасида ваҳима чиқарувчи ҳамда банк ходимига нисбатан обрўсизлантирувчи ва асоссиз маълумотларни сўзлаб, 39 сонияли видеотасвирни телеграм ижтимоий тармоғи орқали танишига юборган.

Аниқланган ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига асосан, ушбу ходим “Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги ҳамда ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун орган хизматидан бўшатилди.

Айни пайтда унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Сафимизда ички ишлар органи шаънига путур етказувчи ходимга тизимда ўрин йўқ, дейилади Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.

© namangan24.uz

--> -->