Шу йилнинг 22 декабрь, якшанба куни Ўзбекистонда муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади.

Хўш, тобора оз фурсатлар қолаётган мазкур сиёсий жараёнда қандай иштирок этиш лозимлиги борасида ҳуқуқий билимларимиз қай даражада?

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз фуқароларимизга сайловларда овоз бериш тартиби ҳақида қуйидагиларни эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

Овоз бериш вақти ва жойини қаердан билса бўлади?

Жавоб: Бу ҳақда участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади.

Овоз бериш қачон ўтказилади?

Жавоб: Сайлов куни (22 декабрь) соат 8.00 дан 20.00 гача овоз бериш мумкин.

Овоз бериш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат шартми?

Жавоб: Ҳа, шарт. Сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб, сайловчилар рўйхатига имзо қўйгандан сўнг унга сайлов бюллетени берилади.

Фуқаронинг фамилияси сайловчилар рўйхатида бўлмаса, нима бўлади?

Жавоб: Бундай ҳолда сайловчи шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчилар рўйхатининг иловасига киритилади ва унга сайлов бюллетени берилади.

Овоз бериш вақтида сайлов бюллетени бузиб қўйилса-чи?

Жавоб: Сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Овоз бериш хонасига яқин қариндошлар бирга кирса бўладими?

Жавоб: Овоз бериш хонасида сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг бўлиши тақиқланади.

Сайловчи бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаса-чи?

Жавоб: Бундай ҳолда сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. Сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бундан мустасно.

Вақтинча яшаш жойи бўйича ҳам сайловда иштирок этиш мумкинми?

Жавоб: Ҳа мумкин. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқаролар доимий ёки вақтинча яшаш жойларидаги сайлов участкасида овоз бериши мумкин. 

Касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз беришга кела олмаган сайловчилар нима қилади?

Жавоб: Тегишли комиссиянинг камида 2 нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига боради.

Кимлар овоз бериш ҳуқуқига эга эмас?

Жавоб: - суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;

- оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар.

Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали манбалари асосида тайёрланди.

© namangan24.uz

--> -->