Доно халқимизда “Қинғир иш келтирар ташвиш”, деган нақл бежиз айтилмаган. Даромад орттириш мақсадида қилинган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат албатта, бир кун келиб “миси” чиқиши шубҳасиз.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.С. ҳам айни шу қилмишлари сабаб жиноятга қўл урди ҳам умрининг уч йили панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Унинг жиноий қилмишларига оид иш ўтган йилнинг 3 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани судининг очиқ суд мажлисида жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, судланувчи С.А 2021 йил июнь ойида шахсига аниқлик киритиш имкони бўлмаган Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти, Аксу туманидаги Гулбоғ қишлоғида яшовчи “Марс” исмли шахс билан жиноий тил бириктириб, давлат чегараси орқали қонунга хилоф равишда қимматбаҳо металларни ўтказиш ва сотиш юзасидан ўзаро жиноий тил бириктирган.

2021 йил 2 июль куни соат 10:00ларда қирғизистонлик “Марс” исмли шахсдан жуда кўп миқдордаги салкам 300 миллион сўмлик қимматбаҳо металларни Янгиқўрғон тумани Сойбуйи маҳалласида ўзбек-қирғиз давлат чегарасида қабул қилиб олиб, ушбу қимматбаҳо металларни моддий манфаатдорлик эвазига сотиб бериши учун ўзининг бошқарувидаги “Lasetti” русумли, “50Y 171EA” давлат рақамли транспорт воситасида ташиб, “Наманган-Чортоқ” йўналишидаги йўлда кутиб турган М. А. га олиб келиб топширган.

Фуқаро М. А. қабул қилиб олган қимматбаҳо металл парчаларини ўғли А.Ғ бошқарувидаги “Lasetti” машинасига юклаб, ҳаракатланмоқчи бўлган вақтида, Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан тўхтатиш чоралари кўрилган. М. А. мазкур транспорт воситасида воқеа жойидан қочишга уриниб, ҳаракатини давом эттириш жараёнида ўзида бўлган бир дона целлофан пакетга ўралган қимматбаҳо металларни автомобилидан йўл четидаги ариққа ташлаб юборган вақтида, машина мажбурий равишда тўхтатиб қолинган.

Ташлаб юборилган бир дона целофан пакетга ўралган нарса кўздан кечирилганида, унинг ичида қимматбаҳо металларга ўхшаш сариқ рангли ялтироқ металл парчаси ва қириндилари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Молия Вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг 2021 йил 23 июлдаги экспертиза хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган бир дона целлофан пакетга ўралган қимматбаҳо металларнинг умумий оғирлиги 603,45 грамм бўлиб, унинг таркибида 483,61 гр. соф олтин ва 47,98 гр. соф кумуш борлиги аниқланган. “Наманган баҳолаш консалтинг маркази” масъулияти чекланган жамиятининг 2021 йил 28 июлдаги баҳолаш ҳисоботига асосан, ашёвий далил сифатида олинган қимматбаҳо металларнинг умумий қиймати 299 миллион 82 минг 555 сўмни ташкил қилиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан судланувчи С. А Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шуҳратжон Қурбонов,
Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди судьяси.

© namangan24.uz

--> -->