Наманган вилоятида тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва қайта ўқитиш орқали соғлиқни сақлаш борасидаги хорижий илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида урғу берилмоқда. Кўплаб мутахассислар тиббиёти энг тараққий этган давлатларнинг машҳур клиника ва илмий марказларига юборилмоқда. Биргина ўтган 2018 йил давомида ўнлаб дўхтирларимиз Англия, Япония, Ҳиндистон, Хитой, Россия каби мамлакатларда малака ошириб қайтдилар.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами 2019 йилда ҳам янада кенгаяётгани эътиборга молик. Ҳозирга қадар 38 нафар саломатлик посбони Россияга юборилди. Бинобарин, 13 нафар врачимиз март ойида  Челябинск шаҳридаги Жанубий Урал тиббиёт университети қошидаги дипломдан кейинги тайёргарлик кафедрасида билим ва маҳоратини оширишга муваффақ бўлди.

-  Россиянинг энг таниқли профессорлари, машҳур амалиётчилари машғулот олиб боришди. Вилоят клиник шифохонаси ва бошқа тиббиёт марказлари фаолиятини ўрганиш жараёнида жуда кўп янгиликлардан воқиф бўлдик, - дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси анестезиологи Абдусаттор Тўйчибоев.

Қайд этиш жоиз, наманганлик шифокорлардан иборат яқин орада яна бир катта гуруҳ жаҳоннинг қатор давлатлари сари йўл олади. Улар АҚШнинг Нью-йорк штатидаги клиникада, Жанубий Кореядаги тиббиёт марказида, Ҳиндистон давлатидаги "ВЛК" хусусий клиникасида, Озарбайжондаги Топчубашев номидаги илмий марказда,  Россиянинг  Москва шаҳридаги академик Сеченов номидаги фтизиатрия илмий-текшириш институти, Сил илмий-текшириш институти, Вишневский номидаги илмий-текшириш институти, Травматология илмий-текшириш институти ҳамда Новосибирск шаҳридаги академик Цивьян номидаги травматология илмий-текшириш институтида сабоқ олиб, тажрибаларини бойитишади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу мақсадлар учун республика бюджетидан ўтган йилгидан деярли икки баробар кўп - 700 миллин сўм (!) маблағ ажратилган. 

                                                                                                     Абдулла Ғозиев,

журналист.

© namangan24.uz

 

--> -->