Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Конференция Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкилланди. Унда миллий палатанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва Наманган тиббиёти жамоатчилиги вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Даставвал, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изомов сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан вужудга келган миллий палатанинг ўтган бир йил давомида амалга оширган ишлари ва келгусидаги режалари хусусида тўхталди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари тўғрисида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, сенатор Солижон  Мўминов мулоҳаза юритди. Нотиқ таъкидлаганидек, вилоятда тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмолқда. Буни рақамлар мисолида оладиган бўлсак, 2019 йил учун республика бўйича соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга жами 900 миллиард сўм маблағ ажратилган. Эътиборлиси шундаки, Наманган вилоятидаги бу эзгу мақсадлар рўёбига 76 миллард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.

Наманган вилоятида кейинги йилларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, сифатли ва малакали тиббий хизмат самарадорлигини ошириш, қолаверса, соҳага янгидан янги инновацион ғояларни кенг татбиқ этишда хусусий секторнинг улуши тобора ортиб бормоқда.

Шу нуқта назардан семинарда “Oydin shifo” шифохонаси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори,  Мирмаҳмуд  Мирсайдуллаев, “Doktor-А” диагностика маркази бош шифокори Маъмуржон  Охунов, “Аnамеd” диагностика марказида фаолият олиб бораётган ҳиндистонлик доктор Парамжит Сингх, “Saydana” тиббиёт маркази бош шифокори Бахтиёр Жўраев ва бошқаларнинг чиқишларида Наманган тиббиётига жорий этилаётган янги технологиялар, тиббиёт ва фармацевтика саноатининг истиқболи билан боғлиқ вазифаларга эътибор қаратилди.

Илмий-амалий конференция ишида Туркиядан келган бир гуруҳ ишбилармонлар ҳам қатнашиб,  мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги ривожи ва келажаги ҳақидаги тасаввурларини бойитдилар.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Пахриддин Маткаримов иштирок этди ва сўзга чиқди .

                                                                                                          Абдулла Ғозиев,

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->