Тарих инсониятнинг буюк хотирасидир. Унда аждодларнинг маънавияти, маданияти ва амалга оширган ишлари мужассам. Тарихсиз келажакка қадам босиб бўлмайди.

Ундан олинган маълумотлар, хулосалар ва фахр туйғуси инсон учун келажакка қўйилувчи ишончли қадам манбаи бўлади. Ушбу фикрни қардош ёзувчимиз Чингиз Айтматовнинг “…Заминдан маҳрум қилиш мумкин, бойликдан маҳрум қилиш мумкин, ҳаётдан ҳам маҳрум қилиш мумкин. Лекин инсон хотирасига тажовуз қилиш… чидаб бўлмас фожиадир”, деган фикри билан янада асослаш мумкин.

Президентимизнинг деярли ҳар бир чиқиши, нутқ ва рисолаларида тарихий хотирага таянган ҳолда фахр ва ифтихорни юксалтириш миллий ўзликни асраб қолишнинг асосий омиллардан бири эканига алоҳида урғу берилмоқда. Ушбу фикримизнинг яққол мисоли сифатида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрель куни Қашқадарё вилоятида янги ташкил этилган Кўкдала тумани фаоллари билан ўтказган учрашувида билдирган фикрларини келтиришимиз мумкин.

Президентимиз фикрининг аввалида буюк саркарда бобомиз Амир Темурнинг Тўхтамишхон билан бўлган тарихий жангдаги улкан ғалабаси ҳақида ўқиганини ва бу жанг ҳақидаги маълумотларга аввал дуч келмаганини, у киши янгилик бўлганини айтган. Фикрининг сўнгида эса “Биз нега шу каби буюк аждодларимиз тарихини яхши ўрганмаймиз? Узоқ йиллар ура-ура билан умуман бошқалар тарихини, бошқалар ғалабасини миямизга сингдиришганди. Мутасаддиларга топшириқ бердим — биз биринчи навбатда ўзимизнинг боболаримиз тарихини ўрганишимиз керак”, деган.

Ушбу фикрларни мутахассис, тарихчи, педагог сифатида виждонан таҳлил қилиб кўрсак, жуда ўринли эканига такрор-такрор иқрор бўламиз. Чунки мактабларимиз, коллеж, техникумларимиз ва олий таълим муассасаларимизда фарзандларимиз ва ёшларимизга ўқитилаётган миллий тарихимизга оид мавзулар ва маълумотлар асосан шунчаки ахборот берувчи ва тарихий маълумотлар жамланмасидангина иборат бўлиб қолганини кўрамиз. Шу боис, бугун ёш авлоднинг миллий тарихимизни ўрганишга қизиқиши бизни қониқтирмайди. Аслида эса, уларни қизиқтира оладиган, ўқиганда руҳий қувват, миллий ғурур оладиган тарих ёзиб бермадик.

Ваҳоланки, тарихни ўқитишдан мақсад нима?

Келинг, юқоридаги саволга жавоб излаб кўрамиз. 2020 йилда нашр этилган “Тарихдан ҳикоялар” номли 5-синф дарслигида ўқувчиларга хитобан шундай дейилган: “Дунёдаги зўравон кучлар қайси бир халқни ўзига тобе қилмоқчи, бўйсундирмоқчи бўлса, аввало, унинг олий қадрияти бўлган тилидан, тарихидан ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бизнинг ўтмиш тарихимиз бунга гувоҳ. Ҳеч кимга муте бўлмаслик учун эса Ватанингиз тарихини пухта билишингиз зарур. Ватанимизнинг ўтмиши буюк, унинг келажаги ҳам, шубҳасиз, буюкдир. Ўтмишдаги буюклик нималардан иборат бўлганлигини ва келажакдаги буюклик йўлида қандай улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини тарих фанини босқичма-босқич ўрганиш орқали билиб оласиз”.

Бу хитоб юқоридаги саволга тўлиқ жавоб бўла олади. Яъни бировга тобе бўлмаслик учун, биринчи навбатда, тарихни пухта ўрганиш талаб этилади. Лекин 5-синф ўқувчиларининг неча фоизи буни билди? Уларнинг нечтаси дарсликнинг кириш қисмини ўқиди? Уларнинг нечтаси ўз тарихини билмаслик бировга тобе бўлиб қолишнинг дастлабки сабаби бўлишини тушунди? Албатта, бу саволларга жавоб топиш бир қарашда аҳамиятсиздек кўринар. Модомики, тарихни билмаслик бориб-бориб тобеликка, мустақилликнинг қўлдан кетишига, зўравонларга муте бўлиб қолишга сабаб бўлса, у ҳолда бу саволларга жавоб топишнинг аҳамияти ортади.

Ҳозир барча босқичдаги таълим тизимида фарзандларимизнинг ўз ватани тарихини пухта ўрганиши учун ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилган, дарс соатлари ажратилган, адабиётлар, кўргазмали таълим воситалари ва малакали кадрлар билан таъминланган.

Фарзандларимиз ўқиётган тарихимизда уларнинг қалбида миллий ғурурни шакллантирувчи ва ривожлантирувчи маълумотларни нечоғли ёритиб бера олдик? Ёшларимизнинг ўз ватани тарихини қизиқиб ўрганмаслигининг сабаби уни ҳудудимизга бостириб кирган империялар юришлари ва уларга қарши мазлум халқимиз қўзғолонларининг мудҳиш оқибатлари ҳақидаги маълумотлар билан тўлдириб ташлаганимиз эмасмикан?

Ёки тарих фанининг стратегик аҳамиятини зарур даражада тўғри баҳоламаган ҳолда, дарслар юзаки ташкил этилаётгани ҳамда бу дарснинг тобора қисқартириб борилаётгани сабаб бўлаётгандир? Ваҳоланки, “Ҳар бир миллатнинг келажаги истаймизми-йўқми, ўқитувчилар савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим” (Эркин Воҳидов).

Тарих китобларимизда Марказий Осиёдаги ягона туркий империя бўлган Кушон империясининг жасур саркарда ва ҳукмдорлари, уларнинг мамлакатни бошқаришдаги маҳоратлари ёки илк ўрта асрлар тарихидаги энг катта ҳудудни бирлаштирган Турк хоқонлиги саркардалари ҳақидаги ва ёки Амир Темурга мўғуллардан Мовароуннаҳр тахтини олишда ёрдам берган сарбадорлар ҳақидагига ўхшаш тарихимизнинг ёрқин, лекин кам ёритилган воқеаларини кенгайтириб, миллий руҳни сингдирган ҳолда ёритиб берсак, эҳтимол, ёшларнинг тарихимизни ўрганишга муносабати ўзгарар.

Дунё табибларининг устози Абу Али ибн Сино бобомиз ўз вақтида “Инсонларнинг доимий тобе бўлиб яшаши, бошқалар томонидан ўз нафсининг масхара қилинишига чидаш, жабр-зулмга тоқат қилиш, етишмовчилик кабилар кишининг қизиққон бўлишига сабаб бўлади”, дея инсон табиатига эрксизликнинг таъсиридан огоҳлантирган.

Мамлакатда қайси бир соҳа ривожланса, демак ўша соҳада берилаётган таълим сифати юқори эканлигидан хулоса қилинади. Чунончи, бугунги кунда хорижий тил ва ахборот технологияларини ўқитиш соҳасида ривожланиш кўзга ташланади. Бу жуда яхши. Зеро, бугун дунё шуни талаб қилмоқда. Лекин хорижий тилни мукаммал ўрганиш шу тилдаги хорижий маълумотлардан ҳам кенг фойдаланиш имконини беради.

Минг афсуски, ҳозир бизнинг миллий қадриятларимизга мутлақо зид бўлган тушунча ва иллатлар кўпгина ривожланган хорижий мамлакатларда оммавий нормал қадрият сифатида қабул қилиб бўлинган. Бу ҳам етмагандек, ана шу “қадриятлар” дунё бўйлаб хорижий тилларда фаол тарғиб қилинмоқда. Миллий руҳи, миллий ўзлиги ва ғоявий иммунитети зарур даражада шаклланмаган айрим хорижий тил билимдонлари бундай тарғиботларга учиб, оммавий маданият қурбони бўлмоқда.

Юқоридаги фикрлар тарих ўқитиш тизимида муаммо борлигини ва зарур янгиланишларни ўтказиш лозимлигини кўрсатмоқда. Фикримизча, қуйидаги таклифлар тарихни ўқитиш сифатини ва аҳолининг тарихимизни ўрганишга қизиқишини янада оширишда хизмат қилиши мумкин.

Биринчидан, барча босқичдаги таълим муассасаларида ўқитилаётган тарих фани бўйича ўқув қўлланмалар ва дарсликлардаги мавзулар ва уларнинг матнини миллий руҳни кўтариш нуқтаи назаридан қайта номлаш, жойлаштириш ва ёзиш ҳамда ўқув соатларини сезиларли даражада ошириш керак.

Иккинчидан, миллий тарихимизни ўқитиш бўйича таълим сифатини кескин ошириш чораларини кўриш керак. Бунда:

– ҳар бир мавзу хусусиятидан келиб чиқиб, ҳамма учун риоя этилиши мажбурий бўлган махсус таълим технологияларини жорий этиш;

– тарих фани ўқитувчиларининг педагогик билим ва салоҳиятига доир талабларни янада ошириш;

– уларнинг малакасини ошириш тизимини ҳам янада такомиллаштириш;

– маҳорати, педагогик ва илмий соҳадаги намунали фаолиятидан келиб чиқиб тарих фани ўқитувчиларини алоҳида моддий рағбатлантириб бориш механизмини жорий этишни кўзда тутувчи ишларни амалга ошириш. 

Учинчидан, Шарқшунослик институтида сақланаётган 100 минг жилддан ортиқ нодир қўлёзмаларни ўрганишни рағбатлантирувчи танловлар, давлат грантлари жорий этиш, шу соҳани қўллаб-қувватловчи фондлар фаолиятини ташкил этиш даркор.

Тўртинчидан, “Ўзбекистон тарихи билимдони” республика танловини ташкил этиш керак. Юртимизда китобхонликни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор берилганининг самарасини кўрдик. Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китоб ўқишга қизиқиш ва эътибор сезиларли даражада ошди. Ушбу тажрибани тарихни ўрганишда ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ. Миллий тарихимиз билимдонларини ҳам республика миқёсида рағбатлантириш орқали ёшларимиз ва халқимизнинг тарихимизни ўрганишга муносабатини ўзгартиришимиз мумкин.

Бешинчидан, халқимиз орасида жуда кўп баҳс ва тортишувларга сабаб бўлган мавзулар бўйича тарихийлик ва илмийлик жиҳатдан ечим тақдим этиш чораларини кўриш зарур.

Олтинчидан, тарих соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар мазмуни, илмийлиги, тарихийлиги ва жамиятга келтирадиган самараси нуқтаи назаридан талабларни янада кучайтириш ҳамда тарих бўйича илмий тадқиқотчилар учун махсус грантлар ажратиш орқали уларнинг пухта ва мукаммал тарихий тадқиқот олиб боришдан манфаатдорлигини ошириш чораларини кўриш замон талаби бўлиб бормоқда.

Анвар Деҳқонов,

Наманган муҳандислик-қурилиш институти ўқитувчиси.
© namangan24.uz

--> -->