Бугун, 15 апрель - Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таваллуд топган кун.

Шайх ҳазратлари 1952 йилда Андижон вилоятининг Асака тумани, Ниёзботир қишлоғида туғилган. Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсил олганлар.
Олий маъҳадни битиришлари биланоқ “Совет шарқи мусулмонлари” журналида ишладилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980 йил имтиёзли тамомлаб, юртга қайтдилар. Шайх ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, бир пайтда Олий маъҳадда дарс бердилар. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишладилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.

Шайх ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги “Бутун Дунё Ислом Робитаси”нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси эдилар.

Шунингдек, Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерациялари каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этганлар. Кўкчадаги Шайх Зайнуддин қабристонида дафн қилинганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари нафақат сермаҳсул ижод қилиб, кишиларни тўғри йўлга бошлади, балки барча илм аҳлини, ҳамма мусулмонларни тўғри йўлга йўллаб, унда ўзи намуна кўрсатиб, ана шу соф исломий ҳидоятда бир қанча шогирдлар ҳам қолдирдилар. Илмий ижодкорлик, китоб нашри, халқаро тармоқларда диний таълим-тарбия ишларини олиб бориш каби бир мунча хайрли фаолиятларни ҳам изга солиб кетдилар.

Аллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни раҳмати ва жаннати билан мукофотласин!
Манба: islom.uz

© namangan24.uz

--> -->