Наманган вилояти прокуратураси томонидан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш ва прокуратура органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Наманган вилояти прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) вилоят бўлимлари мутасаддилари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этдилар.

Анжуманда вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Шуҳрат Қосимов, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Раҳимжон Ирисов сўзга чиқиб, прокуратура органлари қонун устиворлигини таъминлаётгани, сўнгги уч йилдирки мамлакатимизда очиқ сиёсат олиб борилаётган айни кезда халқ билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратаётганлиги, мазкур жараённинг шаффофлигида сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ҳар жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси Дилшодбек Омонов, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг вилоят бошқармаси ахборот-тахлил ва назорат бўлими бошлиғи Асадулло Исмоилов, МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Соҳибжон Рафиқовлар 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида тизимда амалга оширилган ишлар юзасидан журналистларга ахборот бердилар.

Таъкидланганидек, авваллари давлатнинг “қораловчи” функциясини бажариш билан чекланган прокуратура органлари бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатларига эътибор қаратадиган, уларнинг қонуний ҳуқуқларини қўриқлайдиган идорага, бошқача айтганда, “халқ прокуратураси”га айланишга устувор вазифа сифатида қарамоқда.

Наманганда прокуратура органларининг якунланаётган жорий йилнинг ўтган даврига назар ташлайдиган бўлсак, бевосита прокурорларнинг аралашуви натижасида 8 минг 617 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Теширув ва тергов ишлари давомида фуқароларга етказилган 25 миллиард 500 миллион сўмдан зиёд миқдордаги зарарлар ундириб берилди. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани учун 1 минг 759 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.

Наманган вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Акмалхўжа Мавлонов Президент Администрацияси томонидан белгиланган жадвалга қадар шаҳар ва туманларда сайёр қабулларни ўтказиб, фуқароларнинг турли муаммо ва масалалари юзасидан мурожаатларини тинглаб, уларни ўз вақтида ижобий ҳал этишга эътибор қаратмоқда.

Қайд этилдики, Наманган вилояти прокуратура органлари очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда оммавий ахборот воситалари билан ҳамокрлик қилишга ҳамиша шай. Аҳоли, кенг жамоатчилик ва дунё ҳамжамиятига холис ҳамда ҳаққоний маълумотлар тарқатилишини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда орқали эълон қилинаётган айрим асоссиз ва провакацион материалларга ўз вақтида муносабат билдириш бугунги кунддаги асосий вазифалардан биридир.

Матбуот анжуманида прокуратура органлари мутасаддилари журналистлар ва блогерларни қизиқтирган ва уларни ташвишга солаётган долзарб масалалар юзасидан берган саволларига атрофлича жавоб қайтардилар. Хусусан, “Обод марказ”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари ижроси айрим ҳудудларда (масалан, Чуст туманида) суст бажарилгани, Наманган шаҳридаги маҳаллаларда (мисол учун, “Учқун” МФЙ) электрдан фойдаланаётган истеъмолчиларга “Марказ” электр таъминоти корхонаси томонидан Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги 3981-сон қарори асосида жорий этилган замонавий ASKUE талабига мос ҳисоблагичлардан кўплаб фуқароларда ҳақли эътирозлар келиб чиқаётганлиги, аксарият ҳудудларда (хусусан Норин туманида) электр таъминотида чекловлар кўпайганлиги сабабли таъминотда тез-тез узлишилар кўзга ташланаётганлиги, МИБ ходимларининг муомала маданиятини яхшилаш зарурлиги каби муҳим масалалар ўртага ташланди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар шахсан вилоят прокурори томонидан атрофлича ўрганилиб, муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида ҳар бир масала кўриб чиқилиши айтиб ўтилди. Прокуратура органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳамкорликда мунтазам иш олиб боришга келишиб олинди.

Анжуман якунида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган (резонанс) воқеа-ҳодисаларга расмий баёнотлар ўқиб эшиттирилди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->