Бугун (2019 йил 12 апрель, жума куни) Қарши шаҳридаги ўйингоҳда старт олган “Насаф” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон суперлигасининг 4-тур учрашуви ҳозиргина якунига етди.

Қизғин ва шиддатли ҳужумлар, муросасиз курашлар остида кечган баҳсда наманганлик футболчилар кучли рақибни кичик устунлик билан енгиб (0:1), мавсумдаги дастлабки ғалабага эришдилар.

Севимли жамоамизни қўллаб-қуватлаш учун бир гуруҳ содиқ мухлислар Намангандан Қарши шаҳрига ташриф буюриб, ўз суюклиларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизлатиб қўйишмади. Бутун ўйин давомида “Навбаҳор” деган ҳайқириқлар асло тингани йўқ.

Учрашувнинг 31-дақиқасида салкам 15 минг томошабин тўпланган стадион ларзага келди: “Навбаҳор” легионери Александр Касьян ўз жамоасининг тезкор қарши ҳужумини голга айлантирди. Остон Уруновдан тўпни қабул қилиб олган Саша ҳимоячилардан илдамлаб кетиб, тўпни дарвозага аниқ йўллади. 0:1.

Хурсандчиликка қаттиқ берилган Касьян голни нишонлаш чоғида жароҳат олди ва кўп ўтмай майдондаги ўрнини Баҳодир Насимовга бўшатиб беришга мажбур бўлди.

60-дақиқага келиб, қаршиликлар вакили Азиз Ғаниев ҳисобни тенглаштиришига бир баҳя қолди. “Насаф” футболчисининг стандарт вазиятдан амалга оширган зарбасини “Лочинлар” посбони Ўткир Юсупов ажойиб сейв билан бартараф этди. Ҳакамлар ўйинга 5 дақиқа қўшиб беришди, бироқ мезбонлар мувозанатни буза олишмади.

Шу тариқа, “Навбаҳор” жамоаси “Насаф”ни 1:0 ҳисобида енгиб, ўзининг биринчи ғалабасини нишонлади. Тилагимиз эса, ютуқларимиз “серияси” бошлангани рост бўлсин!

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->