Маълум муддат Наманганнинг “Навбаҳор” футбол клубини бошқарган россиялик мутахассис Андрей Канчельскис яқинда “Матч-ТВ” вакилларига интервью берди. Унда турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтарган мураббий Ўзбекистондаги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталди.

“- Наманганда ҳоким футболга қизиқади. Ҳоким бу тилимиз билан айтганда биздаги губернатор. “Навбаҳор” худди “Пахтакор” ёки “Локомотив” каби катта пулга эга клуб эмас. Бу халқ жамоаси. Мухлислар футболни яхши кўришади ва жуда қизиққон, улар керак бўлса тош улоқтиришлари ҳам мумкин.

Намангандан ҳеч қайси мураббий яхшиликча кетмаган. Лекин мен нолисам, уят. Мени қўлларида кўтариб юришди. Биз катта натижаларга эришмаган бўлсак-да, “топ” жамоаларга бошоғриқ бўла олдик. Жамоа 14 йил деганда медални қўлга киритди.

Ҳоким телефон қилиб “Фалончини ўйнат, фалончини эмас”, деб айтиши мумкин. У ҳатто ҳисобни ҳам буюртма қилиб: “Бугун 3:0 ютишимиз керак”, деб айтиши ҳеч гапмас. У кийиниш хонасига кириб, футболчиларга бақирганди ҳам. Бир ўйиннинг танаффусида у кийиниш хонасига кирди. Ҳисоб 0:0 эди ва 2-бўлимда биз 3:0га ютдик. Ҳокимнинг айтишича, бу унинг гаплари самараси бўлган. Кейин ҳокимга футболчилар билан ўйиннинг эртасига, юзма-юз, алоҳида гаплашишни тавсия қилдим. Бир-биримизни тушундик. Ҳоким Наманган учун кўп иш қилган, лекин унинг ёрдамчилари...”, - деди Канчельскис россиялик журналистларга.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->