Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланади. Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуида ўтказилган байрам тадбирида вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимининг бир гуруҳ фаоллари жамул-жам бўлдилар.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров йиғилганларни байрам билан қутлаб, Президентимизнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимларига табригини ўқиб эшиттирди.

Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг байрам табрикномасида Наманган тиббиёти тажрибаси шундай эътироф этилди:

Нафақат пойтахтимиз, балки Наманган, Хоразм, Фарғона, Бухоро, Қашқадарё ва бошқа вилоятларда кардиожарроҳликка оид энг мураккаб амалиётлар, етакчи марказларимизда буйрак ва жигар, ўзак ҳужайра трансплантациялари муваффақиятли бажарилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Тантанали тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари куни муносабати билан қабул қилган фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган тўрт нафар наманганлик соҳа фидойилари:

I даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби - Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими неонатологи Ширмонхон Мамадумарова;

“Дўстлик” ордени соҳиби - Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими педиатри Эдем Фетиев;

“Шуҳрат” медали билан тақдирланган Косонсой тумани тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими ҳамшираси Раъножон Досматова ва вилоят болалар силга қарши курашиш санаторийси ҳамшираси Ёқутхон Муҳитдиновалар шарафу олқишланиб, уларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирнинг яна бир унутилмас воқеилиги - вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига “Жентра” ҳамда Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига “Нексия-3” янги хизмат автомобилларининг калитларини топширгани бўлди.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан танилган соҳа фидойиларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Қолаверса, йилнинг энг намунали шифокори кўрик-танлови номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланиб, уларга эсдалик совғалари ва дипломлар тақдим этилди.

тантанали маросимда Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов иштирок этдилар.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати олган суратлар.

 

--> -->