Наманган шаҳридаги Истиқбол маҳалласида яшаган 35 ёшли аёл Г. Д. 2020 йил 29 сентябрь куни икки ярим йил аввал сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган Мажбурий ижро бюроси ходимларига ўз норозилигини билдириб, ўзига ўт қўйган ва танасининг катта қисми куйиши оқибатида орадан бир кун ўтиб, шифохонада вафот этганди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Янгиқўрғон туманида оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилган учрашувида ушбу воқеага қуйидагича муносабат билдирди:

“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир. Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўйгандир.

Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини тушуниш мумкин эди. Оддий гаплашганда ҳам кимдир чарчаб қолган, кимдир асабийлашган, кимдир ўзини тутолмаётганини сезиш мумкин. Бу ҳам айб эмас, унинг саломатлигида қандайдир муаммо кузатилаётган бўлиши мумкин.

Мана шундай ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ўзининг ички қарори билан ижрони маълум бир муддат кейинроққа суриши, аёл ўзига келгач, яқинлари орқали тушунтириб, сўнгра яна шуғулланиши мумкин эди. Бу вазиятда Мажбурий ижро бюросининг ҳам хатоси бор, деган хулосага келдим”.

Эслатиб ўтамиз, мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

© namangan24.uz

--> -->