Наманган шаҳрининг Нуробод даҳасида юк ташиш транспорт воситаси билан боғлиқ кутилмаган фожиа юз берди. Шу йилнинг 4 июль, шанба куни Янгиқўрғон туманида яшовчи 31 ёшли фуқаро ўз бошқарувидаги “ЗИЛ-130” юк автомашинасида қум тўкишга келган пайтида 2 ёшли болакайни босиб кетди. Бу ҳақида Республика Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотда айтилишича, 1989 йилда туғилган йигит ўзининг “ЗИЛ-130”да Наманган шаҳри Нуробод маҳалласидаги хонадонларнинг бирида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари учун қум етказиб берган. Қумни белгиланган жойга тўкиб, қайтаётган вақтида хонадон эгасининг 2018 йилда туғилган фарзанди юк машинаси остида қум ўйнаб, ўтирган бўлган. Ҳайдовчи болакайни кўрмай қолиб, уни босиб кетган. Таассуфки, мурғак вужуд ота-онасининг бепарволиги, ҳайдовчининг эътиборсизлиги оқибатида “Зил”нинг ғилдираклари остида қолиб, ҳалок бўлган.

“Ҳурматли ота-оналар! Вояга етмаган фарзандларингизга асло бепарво бўлманг! Ахир, бу мурғак ёшдаги болалар автомашинанинг хавфини тушунмайди. Улар сизнинг лоқайдлигингиз қурбони бўлишига йўл қўйманг!”, дейилади ИИВ ЙҲХБ хабарида.

 © namangan24.uz

--> -->