BBC Ўзбек хизмати сайтида 15 февраль куни “Қирғиз тадбиркори: Ўзбекистон ДХХ 650 минг долларимни олиб, боламни қамоққа тиқди - O'zbekiston” номли материал эълон қилинди.

Материалда “60 ёшдан ошган Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати 650 минг АҚШ долларини ноқонуний олиб қўйгани, фарзандини қамаб, қаттиқ таҳқирлашганини” иддао этилган.

Эмишки, “Қирғизистонлик” тадбиркор Ўзбекистондан одатдагидек тонналаб ўғит оладиган бўлиб, 650 900 АҚШ долларини йиғибди. Ўзи Ўзбекистонда туғилиб ўсган экан. Қирғизистонда ишлаб, анча йил аввал фуқаролигини олганмиш. Ўғли Ўзбекистон фуқароси бўлиб, шу ерда яшаркан. Пулни уч бўлиб, турли кунларда ўғлиникига йиғишибди. Пул тўлиқ бўлганда, ўғли пулни олиб заводга (!!!) (Чортоқ туманида яшовчи ўғил – Шерзод Суванов пулни олиб, ўғит олиш учун Қирғизистон чегарасидаги «Газнон» МФЙ ҳудудига ) йўл олади.(Негадир BBC Ўзбек хизмати журналистлари материал тайёрлаш жараёнида тоғолди қишлоқда қайси завод бор экан деган саволни қўйишмабди). Йўлда Ўзбекистоннинг махсус хизматлари (ДХХ) ўғилни тўхтатиб, қўлини қайириб, ўзини қамаб пулини олиб қўйишганмиш”

Аслида эса, Чортоқ туманида яшовчи фуқаролар Шерзод Суванов ҳамда Иномжон Қамчиевлар Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро Шавкатжон Жўрабоев билан гуруҳ бўлиб ўзаро тил бириктириб, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролардан олган йирик пул маблағларини ноқонуний йўллар билан Қирғизистонга олиб ўтишга ҳаракат қилишган. Божхона назоратини чеклаб, қўшни давлат ҳудудига ўтишга уринишаётганда Янгиқўрғон тумани, «Газнон» МФЙ ҳудудида қўлга олинишган. Суд жараёнида мавжуд далиллар ҳамда гувоҳлар кўрсатмалари, айбланувчиларнинг телефон сўзлашмалари ҳамда ёзишмалари ҳамда жиноят ишида инкор этиб бўлмас далиллар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда, фуқаролар Шерзод Суванов, Иномжон Қамчиев ва Шавкатжон Жўрабоевга Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 25,182-моддаси “а”-банди билан 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ноқонуний қилмишларини хаспўшлаш ҳамда суд ҳукми билан давлат фойдасига ўтказилган контрабанда валютани қайтариш илинжида бўлганлар, ўзларини “қирғиз тадбиркори” қиёфасига солиб, “жабрдийда” ролини ўйнашларини, ҳуқуқ майдонларидан четга чиқиб, ахборот хуружи билан суд ҳокимиятига таъсир ўтказишга уриниш деб кўриш мумкин.

BBC каби нуфузли нашрнинг бундай бир томонлама баёнот асосида Ўзбекистонда тадбиркорларга ҳамда инвесторларга, хорижлик ишбилармонларга яратилаётган шароитларни шубҳа остига олувчи материал эълон қилиши ҳайрон қолдирди очиғи. Боз устига ўз хизмат ваколати доирасида қонунбузарликнинг олдини олиб, уни судга оширган Давлат Хавфсизлик хизматига субъектив баёнот асосида қора чаплашга уринишни тушуниб бўлмайди.

Суд материаллари асосида тайёрланди.

© namangan24.uz

--> -->