Касб масъулияти, деган тушунча бор. Буни ҳар ким ҳар-хил талқин қилади. Кимдир учун бу ўз соҳасини севиш ва унинг етук мутахассиси бўлиш. Бошқа биров учун эса белгиланган вақтда ишга кеч қолмай бориш ва берилган топшириқни сўзсиз бажариш. Бу тамойилларни ўз фаолиятининг асосий мезони этиб белгилаб олганларни бугун кўплаб учратиш мумкин. Аммо масъулият тушунчасини ўзининг ҳаёт тарзига, юриш-туришига сингдирган инсонлар орамизда кам учрайди.

Қарийб 40 йилдан буён журналистика касбини эъзозлаб келаётган, охирги 30 йил ичида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган Муҳаммаджон Боймирзаевич Мақсудов масъулиятни ўзининг ҳаётий шиорига айлантирган инсонлардан бири.

Ўз даврининг, ўз замонасининг етук шахси, деган гап бор. Муҳаммаджон Мақсудов ана шу эътирофга сазовор бўлиб келаётган забардаст журналист, тажрибали раҳбар. Бугунги кунда Наманган вилояти телерадиокомпанияси директори ва айни пайтда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар телерадиокомпаниялари масалалари бўйича маслаҳатчи-консултанти Муҳаммаджон Мақсудов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, қонунчиликдаги ислоҳотларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўтган беш йил давомида сенатор сифатида 200дан зиёд қонунлар муҳокамасидаги ташаббускорлиги, жойларда олиб борган тарғибот тадбирлари ва учрашув-мулоқотлар ва энг асосийси аҳоли мурожаатларини ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлари билан ҳам фаол эканлигини кўрсатди. Албатта, халқ манфаати йўлида олиб борилган саъй-ҳаракатлар бесамар эмас. Ана шу жиҳатдан, шу йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорига асосан Муҳаммаджон Мақсудов “Меҳнаткаш сенатор” мақомига лойиқ кўрилди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг таклиф ва тавсиялари асосида Олий Мажлис Сенати аъзоларининг маънавий ва моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унга кўра, Сенатнинг фаол аъзоларига “Адолатли сенатор”, “Халқпарвар сенатор”, “Меҳнаткаш сенатор” мақомларини бериш белгилаб қўйилган.

Ўз ваколатларини, белгиланган режаларни тўлиқ ва сифатли амалга оширган, турли комиссия ва ишчи гуруҳларда, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этган, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишида аниқ таклифлар билан ташаббус кўрсатган ва ўз фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали доимий ёритиб борган сенаторларга “Меҳнаткаш сенатор” мақоми берилади. Бундай мақомга эга бўлган сенаторлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг фотосуратлари Сенат биносидаги махсус стендга жойлаштирилади ва Сенатнинг “Эҳтиром китобларига” алоҳида белгилаб қўйилади.

Қадрли Устоз! Юксак эътироф, муносиб рағбат муборак бўлсин!

Баходир Мўминов,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->