Муҳтарам Президентимизнинг ёшлар форумидаги жўшқин маърузаси, Олий Мажлисга қилган оташин Мурожаатномаси ҳамда 2021 йилга хосиятли ном беришидан руҳланиб...

Эй, юртимга миқёс излаб, дунёга бўйлаб,
Халқ ишқида куйиб ёнган Президентим!
Кеча-кундуз ўзни эмас, 
Бизларни ўйлаб,
Ҳаловатдан тамом тонган Президентим!

Биламан,
Сиз баландпарвоз гапни суймайсиз-
Тилёғлама кимсаларга йўқ Сизда тоқат.
Лекин Сиздай жайдари гап айта олсак биз
Оқилона тан оласиз, 
Бу зўр лаёқат!

Мана ўша жайдари гап
Жайдари фикр,
Гарчи оламда давлат кўп,
Кўп атанган халқ,
Лек ҳаётга теран боқиб сўнг этсак зикр,
Қаерда бор биз сингари бек аталган халқ?!

Яъни Соҳибқирон бобом бергандай сабоқ,
Биз амири Туркистонмиз,
Мулки Туронмиз.
Кенг дунёни тиғ-ла эмас, илм-ла олмоқ 
Орзусида ёнган насли Ўзбекистонмиз!

Ҳеч лофи йўқ тағин битта ҳолга берсам тан,
Хушомадга йўймагайсиз фикримни зинҳор.
Ишларига қойил қолиб дунё тан берган,
Сиздай одил, мард Халқбоши, айтинг, қайда бор?!

Шу одиллик, шу мардлик-ла айладингиз бас – 
Валломатлик, ғўдайганлик ўла бошлади. 
Аввалгидай бутун бир халқ давлатга эмас
Бутун давлат халққа хизмат қила бошлади.

Яна бир ҳақ гапни айтгум сиғмай жаҳонга
Сиз-бизсиз,
Биз-Сизмиз, яъни,
Эгиз эрурмиз.
Биз бунёдкор бўлсак янги Ўзбекистонга,
Эй, Юртбошим!
Сиз унинг Бош меъморидирсиз!

Сизнинг, 
Бизнинг куч-қудратга ким шубҳа қилса,
Келсин, 
Кезсин юртимизни,
Ҳар ёғин кўрсин.
Ким бу дунё жаннатин ҳис этмоқчи бўлса
Кўрсин гуллар шаҳри бўлган Наманган кўркин!

Йўқ!
Биргина Наманганмас,
Бутун юрт ўтди,
Том маънода тадбиркорлик ҳаракатига.
Сиз бош бўлгач, бу ҳам бор гап,
Айланиб кетди
Ўзбекистон бунёдкорлик мамлакатига!

Сирмас, алғов-далғовлардан безовта дунё,
Таҳликада яшаётир жумлаи олам.
Тўрт-беш давлатгина тинчдир лоф эмас асло
Улар ичра бор бизнинг ҳур Ўзбекистон ҳам!

Пандемия сабаб яна бир ҳисни туйдик,
Саломатлик зарур экан асли аввало.
Ёшларни қўллар эканмиз,
Қўшиб ҳам қўйдик
Аҳоли соғлигини ҳам қилдик муддао.

Яна битта эркакча гап,
Мисли қоида,
Бош бошласа оёқ ташлар, бундан кўнгил тўқ.
Сиз борсиз-биз бор, 
Дунёнинг бирон жойида
Ўзбекистон халқи янглиғ ҳамжиҳат халқ йўқ!

Элни рози қилиш,-деган ғоя билан Сиз
Жо бўлдингиз юракларнинг туби-тубига.
Ер юзин бор бойлигини алмашмагаймиз
Меҳнатсевар халқимизнинг розилигига.

Боболарга хос сизлар ҳам қозонингиз ном! -
Деб ташлаган шиорингиз айни ҳақиқат.
Яъни буюк аждод ишин эттирмоқ давом
Бўлмоғи шарт авлодлар чун ҳам улуғ ният.

Оққан дарё оқаверар, бўлар бўлган эл,
Эртага ким бўлмоқ асли боғлиқ ниятга.
Яхши ният қилиб бизлар боғладикми бел
Номимиз нақш айлагаймиз абадиятга!

Бунинг боиси бор:
Қойил ҳимматингизга,
Ғазнадан беҳисоб ҳадя этиб турибсиз.
Истасанг юлдузни узиб ол!-дея бизга
Оталарча доим елка тутиб турибсиз.

Ажабмас бахт ўзи бизни келади йўқлаб,
Дунёларни босиб кетар “урра-урра”миз.
Чунки бизлар 
Сизнинг қутлуғ ишончни оқлаб,
Сиз кўзлаган буюк юртни 
Бирга қурамиз!

Зиёвиддин Мансур,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.
Наманган, 29.12.20 й.

© namangan24.uz

--> -->