Наманган шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўшинлари, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари учун қурилган кўп қаватли турар-жой хонадонлари калитлари топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, Ватан ҳимоячилари – ҳуқуқуни муҳофаза қилиш идоралари хизматчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, юртимиз тинчлиги, давлатимиз хавфсизлиги, халқимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида жонсараклик билан хизмат қилаётган Ватанимизга содиқ фарзандларнинг фидокорона меҳнатлари Президентимиз томонидан муносиб тарзда рағбатлантириб бораётганлигини эътироф этди.

Қайд этиш жоиз, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси МЧЖ Наманган вилояти филиали буюртмачилигида имтиёзли кредитлар асосида ички ишлар идораларининг ходимлари учун 3 та ҳар бири 30 хонадондан уйлар, Миллий гвардия қўшинлари ҳарбий қисми ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари учун 1 тадан ҳар бири 30 хонадонли уйлар қуриб битказилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 19 миллиард сўм маблағ ажратилди. Айни кунларда эса мудофаа ишлари бошқармасининг ҳарбий хизматчилари учун 3 та ҳар бири 30 хонадонли уйлар қурилиши поёнига етказилмоқда.

-Яқин ўтмишимизни эсга олсак, биз ўз шахсий уйимизга эга эмасдик. Битта чемоданни кўтариб, саргардонликда ўз оиламиздан айри ҳолда ижарама-ижара уй ахтариб юришга мажбур бўлгандик. – Мана энди бизга етар одам йўқдай бағоят хурсандмиз. Турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан замонавий хонадонга эга бўлдик. Бунинг учун Президентимизга, ҳокимларимизга, бунёдкорларимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз, - деди дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси штаб бошлиғи ўринбосари, подполковник Ғуломжон Исмоилов.

Бу ўз навбатида ҳарбийларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, уларнинг ўз оилалари бағрида юртимиз тинчлиги, фуқаролар осойишталиги ва эртанги кунимиз фаровонлиги йўлида толмасдан хизмат қилишларида муҳим аҳамият касб этади.

Вилоят раҳбари хонадон калитларини қабул қилиб олган бир гуруҳ ҳарбийларнинг уйларига кириб, табрик сўзларини билдирди. Хонадон соҳибларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Нуронийлар дуога қўл очиб, юртимизда мана шундай бунёдкорлик, маъмурчилик, фаровонлик барқарор бўлишини тиладилар.

Тантанали маросимда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ИИБ бошлиғи Одил Отахўжаев иштирок этдилар.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->